Йигирманчи асрда Туркистонни қолоқликдан қутқариб, одамларни саводли қилишга бел боғлаган жадидчилик ҳаракати намояндалари ёшларни Европага ўқишга юбориб мамлакатни тараққиётга бошлайдиган кадрлар етиштиришни мақсад қилади.

Шу мақсадда 1922 йилда Туркистондан илк талабалар гуруҳи Германияга ўқишга юборилади. Улар орасида бор-йўғи 2 нафар қиз: Марям Султонмуродова ва Хайринисо Мажидхоновалар бор эди.

Германияда ўқиган талабалар.
Фото: Баҳром Ирзаев

Kun.uz илк бор чет эл таълимини олган ўзбекистонлик хотин-қизлар ва уларнинг аянчли тарихи ҳақида адабиётшунос олим, жамоат арбоби Наим Каримов билан суҳбатлашди.

Орзудаги мустақил давлатни бошқариш учун кадрлар керак эди

20-аср бошларида мамлакатимиз Туркистон деб аталарди. Бу даврда Туркистонда жадидчилик – миллий уйғониш ҳаракати бошланди. Халқнинг турмуш тарзи, маданияти, фан, санъати ниҳоятда оғир аҳволда эди. Туркистон – Чор Россияси мустамлакаси эди, жадидлар мустамлака занжирларини парчалаш учун болаларни, ёшларни ўқитиш, замонавий фанларга ўргатиш керак деган қарорга келишади. Уларнинг бу режалари қаторида ёшларни Европага ўқишга юбориш ҳам ўрин олганди.

Маҳмудхўжа Беҳбудий: “Агар биз диний уламоларни тайёрлаб чиқармоқчи бўлсак, Арабистон, Мисрга ёшларни юборишимиз керак. Агар замонавий фанлар, техникани ривожлантиришни мақсад қилсак, унда Европа мамлакатларига талабаларни юборишимиз керак”, деган шиор билан чиққан. Бу шиорни амалга ошириш учун ҳали вақт пишиб етилмаган эди.

1917 йилда Қўқонда Туркистон мухторияти тузилади, лекин ҳарбий томондан заиф мухторият бироз ўтиб қонга ботирилади. Шундан сўнг юртда совет ҳукмронлиги ўрнатилади. Мана шу орада Ўзбекистонда “Билим ҳайъати” тузилади. Ташкилотнинг асосий мақсадларидан бири талабаларни четга ўқишга юборишдан иборат эди.

Ташкилот аъзолари: “Ҳар йили 70 нафар талабани хорижга ўқишга юборсак, яқин орада мустақилликка эришишимиз мумкин ва мустақил Ўзбекистонни бошқара оладиган кадрлар етишиб чиқади”, деб ишонишган. Шундай қилиб 1922 йилда илк марта талабаларни ўқишга юбориш режаси амалга ошади. Ўша вақтда Туркистон ҳукумати ихтиёрида Бухоро амиридан қолган олтинларнинг бир қисми бор эди, хазинанинг асосий қисми Россияга ташиб кетилганди.