Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Учтепа ва Чилонзор туманларида соқол қўйган эркаклар жамоат жойидан ушлаб кетилаётгани ва ИИБ биносига олиб борилгач, соқоли олиниб қўйиб юборилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Kun.uz ҳодиса иштирокчилари ва Ички ишлар вазирлиги билан боғланди.
Абдураҳмон Муфид тахаллусида ижод қилувчи вайнер Instagram'даги саҳифасида ўзининг соқолли ва соқолсиз суратини жойлаб, пост қолдирди.
“Ҳар бир ишда бир ҳикмат бор, кўриб турганингиздек соқол олинди. Сизлардан илтимос, нима бўлди, нима учун соқолни олдингиз, тинчликми, муаммо борми деган саволларни берманглар. Жавоб беришга қийналишим мумкин. Лекин кўрган, билган одамларнинг ўзлари тушуниб олишди деган умиддаман. Нима ҳам деймиз, ижодни янада кучайтирамиз, ҳар қандай ҳолатда ҳам ижод қилишдан, одамларга мотивация беришдан тўхтамасликка ҳаракат қиламиз. Сизларни яхши кўраман. Дуоларингиздан умидворман”, деб ёзган у.
Муҳаммадюсуф исмли Facebook фойдаланувчиси Kun.uz мухбири билан суҳбатда кундалик юмуши билан кўчада юрган вақтда ички ишлар ходимлари уни тўхтатишгани ва шахсига аниқлик киритиш мақсадида Учтепа тумани ИИБ биносига олиб боришганини айтди.
“Воқеа кеча, 6 май куни соат 16:30 – 17:00 атрофида содир бўлди. Ишларим билан кўчада юргандим. Дўкондан сув олиб чиқаётганимда ППХ ходимлари тўхтатишди. “Шахсингизни тасдиқлашингиз керак, биз билан борасиз. Аниқлик киритиб қўйиб юборамиз”, деб айтишди. Бир ойча аввал Чилонзорда ҳам ички ишлар ходимлари тўхтатиб, ИИБга олиб боришган, ишхонадагилар паспортимни олиб келишгач, шахсимга аниқлик киритиб қўйворишганди. Бу сафар ҳам шундай бўлса керак деб улар билан бирга Учтепа тумани ИИБга бордим.
Бўлган воқеа ҳақида ўзим ишлайдиган фирма раҳбарига қўнғироқ қилиб айтдим. У киши ИИБга ҳужжатимни олиб келганларида соқоли бўлгани учун уларни ҳам ичкарига олиб киришди. Бизни расмга олишди. Бу пайтда ИИБ биносида худди шу ҳолат бўйича ушлаб келинган камида ўнтача эркак бор эди. Ходимлар бизга соқолимизни олиш кераклигини айтишди. “Машинка” бериб, ўзларингиз олиб чиқиб кетаверинглар”, дейишди. Йўқса мажбуран оламиз дейишди.
Бу гапдан кейин деярли ҳамма соқолини ўзи олди. Ходимлар соқол бор пайтда ва олингандан кейинги ҳолатларни суратга олиб туришди. Соқоли олинганлар шу заҳоти қўйиб юборилди. Мен ва раҳбарим соқолимизни олмаслигимизни айтдик. Шундан кейин бизни алоҳида хонага олиб кириб, тушунтириш хати ёзиб беришимизни айтишди. Шунга асосан 15 суткага қамалишимизни, ундан олдин эса барибир соқолимиз олинишини маълум қилишди.











