Бугун, 11 май куни “Давлат бошқаруви соҳасида коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” хабар берди.
Қарорга мувофиқ, 2022 йил 1 сентябрдан қуйидагиларни назарда тутувчи “Е-Антикоррупция” лойиҳаси тўлиқ ишга туширилади:
- давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни мажбурий аниқлаш ва баҳолаш;
- коррупцияга мойил муносабатлар электрон реестрини шакллантириш ва юритиш;
- коррупциявий хавф-хатарлар қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш, инсон омилини қисқартириш ва тегишли тартиб-таомиллар ва функцияларни рақамлаштириш, шаффофликни таъминлаш, жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш орқали бартараф этиш.
Лойиҳа “E-Anticor.uz” электрон платформасида амалга оширилади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳоновнинг маълум қилишича, қарор билан коррупцияга мойил муносабатларни бартараф этиш бўйича чоралар дастури тасдиқланган.
Дастурга кўра:
- ОТМларга ўқишга кириш учун бериладиган имтиёзлар рўйхати ягона ҳужжатда шакллантирилади ҳамда ушбу имтиёзларни умумий квотага киритмаслик тўғрисидаги қоида белгиланади;
- ОТМларда талабаларни ётоқхона билан таъминлашнинг электрон тизими жорий этилади;
- Автобекатларда тадбиркорлик объектларини жойлаштиришга рухсат беришнинг шаффоф электрон механизмлари яратилади;
- Ташқи реклама объектларини жойлаштириш онлайн аукцион тартибига қатъий риоя этган ҳолда амалга оширилади ва жамоатчилик назорати кучайтирилади;
- “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида фуқаролардан ноқонуний қурилиш ҳолатлари юзасидан мурожаатларни онлайн қабул қилиш имкони яратилади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги коррупцияга мойил муносабатлар электрон реестрини (“паст”, “ўрта” ва “юқори” ўлчовларида) шакллантириб, уни интернетда очиқ эълон қилиб боради.
Шунингдек, ҳар бир аниқланган коррупциявий хавф-хатарларнинг тавсифи ва даражаси, уларни бартараф этиш бўйича чораларни ўз ичига олувчи коррупциявий хавф-хатарлар хариталарини тузиш амалиёти йўлга қўйилади.








