51 ёшли Ширин Абу Акле исроиллик ҳарбийларнинг Жениндаги қочоқлар лагерига уюштирган эрталабки рейди вақтида ўлдирилган, Исроил разведкасига кўра бу ерда Фаластиндаги қуролли гуруҳлар вакиллари яширинган.
Абу Акле Жениндаги вазиятни ёриб бораётганди. «Ибн Сино» шифохонасидаги фаластинлик шифокорлар хулосасига кўра, у бошига ўқотар қурол билан жароҳат етказилиши оқибатида вафот этган.
«Ал Жазира» баёнотида журналист исроиллик ҳарбийлар томонидан қасддан ва совуққонлик билан ўлдирилгани айтилади. Исроил билан уруш ҳолатида бўлган фаластинликларнинг ҲАМАС гуруҳи ҳам ушбу версияга қўшилади.
Араб тилида фаолият юритувчи Maan нашрининг тасдиқлашича, исроиллик ҳарбийлар қочоқлар лагери ҳудудидаги уйни ўраб олишган ва тартибсиз равишда ўт очишган, натижада бир неча киши, жумладан яна бир журнали - «Ал-Қудс» газетаси ходими Али Самудий ҳам яраланган.
Қатар ҳукумати ҳам бу ҳодиса бўйича ўз позициясини билдириб ўтди. Мамлакат ташқи ишлар вазири ўринбосари Лолва ал-Хатернинг сўзларига кўра, Абу Акленинг устида PRESS ёзуви туширилган зирҳли нимча бўлганига қарамай унга қарата ўт очилган.
Ал-Хатер Исроилнинг ҳаракатини давлат террорчилиги деб атаган ва бошқа мамлакатларни ушбу давлат сиёсатини қўллаб-қувватлашни тўхтатишга чақирган.
Исроил текширув ўтказишни таклиф қилмоқда

Исроил томони мамлакат армияси махсус амалиётлар чоғида ҳеч қачон тартибсиз равишда ўт очмаслигини, буни ЦАХАЛ (Исроил мудофаа армияси) кўп йиллар давомида ўтказиб келган шу каби рейдлар ҳам тасдиқлашини билдирган.
«Исроиллик аскарлар нишонга олиниб ўт очилган, улар томонга гранаталар отилиши бошланган. ЦАХАЛ бунга жавобан ўқ узган», дейилади Исроил мудофаа армияси баёнотида.
Исроилдагилар ҳисоблашича, Ширин Абу Акле фаластинликлар ўқларига дучор бўлганини тахмин қилган, шу билан бирга унинг ўлимига Исроил аскарлари беихтиёр алоқадор бўлиши мумкинлигини истисно қилмаган ва бу фақат биргаликдаги текширувлар натижасида маълум бўлишини билдирган.
















