7 май куни имзоланган қарор билан, Молия вазирлиги ва “Air Marakanda” МЧЖ (хусусий шерик) ўртасида 2022 йил 11 апрелда имзоланган Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги битим тасдиқланди.

Қарор билан Самарқанд халқаро аэропортининг бошқарув ҳуқуқини давлат-хусусий шерикчилик (ДХШ) шартлари асосида қўлга киритган “Air Marakanda” МЧЖга яна бир қатор ҳуқуқ ва имтиёзлар берилди.

Жумладан, эндиликда ДХШ битимининг амал қилиши давомида “Air Marakanda” МЧЖга Ўзбекистон ҳудудида реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархларини чет эл валюталарига боғлашга рухсат берилмоқда.

Маълумот учун, “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддасига кўра, мамлакат ҳудудида товарлар учун барча ҳисоб-китоблар ва тўловлар Ўзбекистон валютасида амалга оширилади ҳамда реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархларининг чет эл валюталарига ва шартли бирликларга боғланишига йўл қўйилмайди.

Шунингдек, қонунда алоҳида ҳолларда ДХШ тўғрисидаги битимлар бўйича реализация қилинадиган товарлар нархларининг чет эл валюталарига ва шартли бирликларга боғланишига президент қарорлари асосида йўл қўйилиши белгиланган.

Лойиҳани амалга ошириш доирасида хусусий шерикка барча солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланган ҳолда истисно тариқасида:

  • кредит олиш ва ундан фойдаланиш учун хусусий шерикнинг хорижий кредитор банкларида банк ҳисобварақлари очишга;
  • кредит хорижий банк томонидан ажратилган тақдирда, хорижий пудратчилар ва етказиб берувчиларга ушбу кредит маблағлари ҳисобидан тўловларни Ўзбекистон Республикасидаги банк ҳисобварақлари орқали ўтказмасдан, тўғридан тўғри амалга оширишга рухсат этилди.

Шунингдек, давлат шериги – “Uzbekistan Airports” АЖнинг Самарқанд халқаро аэропортини модернизация қилиш мақсадида Япония халқаро ҳамкорлик банкидан жалб қилинган кредитни қайтариш учун тўланадиган тўловлар солиқлардан озод қилинмоқда.

Қарорда, “Uzbekistan Airports” АЖ давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун зарур бўлган Самарқанд халқаро аэропортига тегишли бўлган ер участкаларини ўн кун муддатда “Air Marakanda” МЧЖга ижарага берилишини таъминлаши кўрсатилган.