КХДРда коронавирус авж олмоқда: бир кунда 18 мингдан ортиқ касалланиш ҳолати аниқланди, илк қурбонлар бор
Мамлакатда «номаълум безгак» ҳам тарқалгани, 350 минг киши касаллангани маълум қилинди.
Ҳукумат пандемия даврида илк бор касалланиш ҳолатларини тан олган КХДРда касаллик авж олиб, олти киши касалликдан вафот этди. Жанубий Кореянинг Yonhap агентлиги Корея Марказий телеграф агентлиги (KCNA)га асосланиб хабар беришича, мамлакатда сўнгги бир куннинг ўзида Covid-19’га чалиниш билан боғлиқ 18 мингдан ортиқ ҳолат рўйхатга олинган.
12 май куни Шимолий Корея ҳукумати Пхенянда «омикрон» вариантига чалиниш билан боғлиқ илк ҳолатлар аниқланганини хабар қилганди - коронавирус 8 май куни тест топширган одамларда аниқланган.
Шундан кейин бутун мамлакатда «максимал фавқулодда ҳолат» жорий этилиб, локдаун эълон қилинганди. Жума куни маҳаллий нашрлар касаллик пойтахтдан ташқаридаги ҳудудларга ҳам тарқалганини тан олди.
Шу билан биргаликда мамлакатда келиб чиқиши номаълум бўлган безгак аниқлангани хабар қилинган. «Сабаби аниқланмаган безгак апрел ойи охиридан бутун мамлакат бўйлаб кенг тарқала бошлади», - дейилади KCNA хабарида.
Хабар қилинишича, бу «номаълум безгак» 350 минг кишида аниқланган, 188 мингга яқин киши карантинга ётқизилган, 162 минг киши даволаниб чиққан. Ҳозирча ушбу касаллик Covid-19 билан алоқадорлигига аниқлик киритилмаган.
КХДР етакчиси Ким Чен Ин шу кунларда Меҳнат партияси марказий қўмитасининг сиёсий бюроси йиғилишини чақириб, вирус тарқалишини тўхтатиш бўйича топшириқлар берди.
«Мамлакатнинг барча уездлари ва шаҳарларида ҳамма ўз ҳудудини ёпиб, зарарли вирус тарқалиши йўлларини хавфсиз тарзда тўсмоқда. Биз тўсатдан келган инқирозни енгиб ўтамиз ва албатта ғалаба қиламиз», деган у сиёсий бюро йиғилишида.
KCNA хабарига кўра, пайшанба куни Ким Чен Ин Фавқулодда вазиятларни бошқариш миллий марказига ташриф буюрган ва вирусга қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишларни кўздан кечирган.
Таҳлилчилар фикрича, сўнгги маълумотлар, хусусан, бутун мамлакатда «номаълум безгак» тарқалгани тан олингани мамлакат улкан коронавирус эпидемиясини бошдан кечираётганини кўрсатиши мумкин.
Мамлакатдаги 25 миллион аҳоли вакцинация дастури ва сифатли тиббий хизмат йўқлиги туфайли касаллик қаршисида ожиз қолади. Шимолий кореяликлардан деярли ҳеч ким коронавирусга қарши вакцина олмаган. Экспертлар КХДР аҳолиси иммунитети пастлиги туфайли Covid-19нинг янги вариантлари тарқалишининг асосий ўчоғига айланиши хавфи мавжуд.
КХДР ҳукумати бунга қадар мамлакатда пандемия даврида коронавирусга чалиниш билан боғлиқ бирорта ҳолат қайд этилмаганини маълум қилиб келарди.
Пхеньян ҳатто Covax халқаро механизми доирасида вакциналар етказиб берилишидан бош тортган ва шимоллик корейслар учун мўлжалланган препаратлар бошқа давлатларга тақсимланганди.
Экспертлар эса КХДР ҳукумати мамлакатга коронавирус кириб келишининг олдини олишга муваффақ бўлишганига шубҳа билан қараб келишарди.
Мавзуга оид
23:22 / 22.11.2024
КХДР ўз аскарларини Украина урушига юборгани эвазига Россиядан ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларини олган
17:46 / 22.11.2024
WSJ: Украина зарбаси оқибатида КХДР армияси генерали яраланди
20:56 / 21.11.2024
Путин Пхенян ҳайвонот боғига шер ва иккита айиқ совға қилди
19:15 / 20.11.2024