Ниистё ва Марин мамлакат аҳолисига бу масалани кенг ва батафсил муҳокама қилиш имкониятини беришни исташлари, аммо қарор қабул қилиш вақти келганини айтишган.

«Россия халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилмаслигини кўрсатди. У ўзи илгари қўллаган қоидаларни ҳурмат қилмайди. Шунинг учун биз НАТОга қўшилиш имкониятларини муҳокама қилмоқдамиз, чунки Европада хавфсизлик билан боғлиқ вазият ўзгарган ва гап Россияга келганда содда бўлмаслигимиз керак», деди Марин.

«НАТОга аъзолик Финландия хавфсизлигини мустаҳкамлайди. Финландия ҳам НАТОга қўшилиш орқали бутун иттифоқни мустаҳкамлайди. Финландия НАТОга аъзо бўлиш учун зудлик билан ариза топшириши керак», дейилади мамлакат етакчилари баёнотида.

«Биз халқаро қонунларга амал қилмайдиган Россия қаршисида ҳимоясиз қола олмаймиз», деганди аввалроқ бош вазир Санна Марин япон нашрларига берган интервьюсида.

Финландиянинг альянсдаги элчиси Клаус Корхонен мамлакат ҳозирда Россия томонидан хавф кутмаётгани, НАТОга қўшилиш истаги хавфсизлик соҳасидаги ўзгаришлар туфайли эканини маълум қилди. «Бизнинг мудофаамиз кучли, чегарани қўриқлаш кучларимиз жуда лаёқатли ва мен ўйлайманки, биз ҳозир огоҳ бўлганимиз туфайли чегарадаги вазият жуда хавфсиз», дея қўшимча қилган у.

Финландия ташқи ишлар вазири Пекка Хаависто чегарадаги вазият тинч бўлиб қолишига умид қилдирган.

«Биз ҳеч нарсани кутмаяпмиз, аммо ҳамма нарсага тайёрмиз. Агар парламент биз ариза беришимиз керак, деган хулосага келса, келаси ҳафта ўрталарида буни амалга оширамиз», — деди Хаависто Япониянинг NHK телекомпаниясига берган интервьюсида. 

Тез орада қўшни Швеция ҳам худди шу каби қадам ташлаши кутилмоқда.

Бу икки давлат шу вақтга қадар бетарафлик сиёсатига амал қилиб келган, бироқ феврал ойида Россиянинг Украинага қарши бошлаган тажовузи ҳар икки давлатда ҳам жамоатчилик кайфиятига жиддий таъсир кўрсатди.

Кремл аллақачон Финландиянинг альянсга аъзо бўлиши Россия учун таҳдид ўлароқ кўрилишини маълум қилиб бўлган.

Буёғига нима бўлади?

НАТОга аъзо бўлиш учун ариза бериш қарори финн парламенти томонидан ҳам қабул қилиниши керак. Катта эҳтимол билан бу рўй беради, чунки ўтган йиллардагидан фарқли ўлароқ мамлакат аҳолисининг аксар қисми Шимолий Атлантика альянсига қўшилиш ғоясини қўллаб-қувватламоқда.