Ўзбекистон | 09:57 / 17.05.2022
3701
2 дақиқада ўқилади

Айрим шахсларни ўз ҳисобидан гепатитга скрининг текширувидан ўтказиш тартиби жорий этилади

Фото: Picture Alliance

Президент “Айрим долзарб вирусли инфекциялар тарқалишига қарши курашиш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

2022 йил 1 июлдан бошлаб ҳар йили республика аҳолисини вирусли гепатит “В” ва “С” турларига скрининг текширувлари сони 1 миллион нафаргача, полимераза занжир реакцияси (ПЗР) текширувлари сони 15 минг нафаргача, вирусли гепатит “С” тури билан касалланган беморларни даволашни 10,5 минг нафаргача етказилади;

2022 йил 1 сентябрдан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 190-моддасида (Фоҳишалик билан шуғулланиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларга нисбатан жавобгарликни белгилаш билан бирга уларни ўз ҳисобидан гепатитнинг “В” ва “С” турларига скрининг текширувларидан ўтказиш тартиби жорий этилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

  • Соғлиқни сақлаш вазирлиги муассислигида “IT-Med” масъулияти чекланган жамияти томонидан жигар сурункали вирусли касалликларининг ягона электрон реестри 2022 йил 1 ноябрга қадар ишлаб чиқилишини, шунингдек, келгусида унинг техник ва дастурий қўллаб-қувватланишини таъминлайди;
  • 2023 йил 1 январга қадар реестрни юритишни қон ва унинг таркибий қисмлари билан ишлайдиган ходимларга эга бўлган даволаш-профилактика муассасалари, санитария-эпидемиология хизмати ҳамда мулкчилик шаклидан қатъи назар барча тиббиёт ташкилотларига жорий қилиб, уларнинг ўзаро интеграциясини йўлга қўяди;
  • 2022 йил 1 июлдан бошлаб Вирусология илмий-тадқиқот институтида ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги тегишли муассасаларда Қрим-Конго геморрагик иситмаси билан касалланиб тузалганларнинг (донорларнинг) қон плазмаси банки яратилишини таъминлайди;
  • даволаш-профилактика муассасалари ва нодавлат тиббиёт ташкилотларида юқумли касалликларга, шу жумладан, сурункали вирусли гепатитларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш стандартларини такомиллаштиради ҳамда уларга риоя қилиниши устидан назоратни кучайтиради.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид