Украина қуролли кучлари Бош штаби 17 майга ўтар кечаси Мариуполда «Азовстал» заводидаги ҳарбийларни «қутқариш бўйича амалиёт» ўтказилаётгани ҳақида хабар берди. Бу баёнотга кўра, оғир яраланган 53 киши Новоазовскдаги шифохонага етказилган, яна 211 нафар ҳарбий хизматчи — Оленивкага (икки аҳоли пункти ҳам «ДХР» кучлари назоратида) етказилган, бу ердан улар «алмашув жараёни» орқали Украина назоратидаги ҳудудга ўтказилади.
Украина мудофаа вазири ўринбосари Ганна Малярнинг айтишича, 53 нафар оғир ярадор ҳарбий Новаазовскдаги касалхонага олиб кетилган. 211 нафар ҳарбий эса рус асирларига алмашилади. «Мариупол ҳимоячилари олдига қўйилган барча вазифа бажарилди. Асосий вазифа уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш эди. Афсуски, айни дамда «Азовстал»ни ҳарбий йўл билан деблокада қилиш имконсиз», деган вазир ўринбосари.
Россия ҳукумати вакиллари алмашувга тайёрланилаётгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирмаган.
«Мариупол гарнизони олдинга қўйилган жанговар вазифани адо этди. Олий ҳарбий қўмондонлик томонидан «Азовстал»да бўлиб турган бўлинмалар командирларига шахсий таркибнинг жонини сақлаб қолишга буйруқ берилди. <…> «Азовстал» ҳудудида қолаётган ҳимоячиларни қутқариш бўйича чора-тадбирлар давом этмоқда», — дейилади Бош штаб баёнотида.
Украина президенти Володимир Зеленский тунги мурожаатида «украин қаҳрамонлари Украинага тирик ҳолда кераклиги» ва уларнинг қайтиши бўйича ишлар «назокатлилик ва вақт талаб этиши»ни айтди.


Аввалроқ Reuters агентлиги душанба куни «Азовстал»дан украиналик ҳарбийлар чиқарилган ўнлаб автобуслар чиқиб кетгани ҳақида хабар тарқатганди. Агентлик бу автобуслардаги украин ҳарбийлари сонини аниқлашнинг имкони бўлмаганини қайд этган. RT заводдан «300 нафар атрофида жангари», жумладан 50 нафар атрофидаги ярадорлар олиб чиқилганини маълум қилган.

Биринчи канал мухбири Ирина Куксенкова 17 май куни эрталабки соат 4 да «Азовстал»даги украин ҳарбийлари «асирга тушишда давом этаётгани», Оленивкага олиб кетилганларни сўроқ қилиш бошлангани ҳақида хабар берган. Унинг маълумотига кўра, заводда 2,2 мингдан ортиқ киши қолган.

















