Ўзбекистон | 07:59 / 20.05.2022
3967
3 дақиқада ўқилади

Ҳар бир ҳудудда хориждан қайтган мигрантларнинг реинтеграцияси марказлари ташкил этилади

Президентнинг “Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириб Ўзбекистонга қайтиб келган фуқароларни иш билан бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳар бир туман ва шаҳарда хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантларининг реинтеграцияси марказларини ташкил этади.

Реинтеграция маркази фаолиятини ташкил этиш, мувофиқлаштириш ва раҳбарлик қилиш туман ва шаҳар ҳокимларининг иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари зиммасига юклатилади.

Реинтеграция маркази туман ва шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ҳузурида ташкил этилади.

Реинтеграция марказида ишларни ташкил этиш вазифалари аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларининг миграция масалалари бўйича инспекторлари зиммасига юклатилади.

Ҳар бир реинтеграция марказига 2022 йил якунига қадар қайтиб келган меҳнат мигрантлари сафидан вақтинчалик асосда бир нафардан ёрдамчи бириктирилади, уларнинг иш ҳақлари Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан тўланади.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Хотин-қизлар ва оила ишлари қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Халқ банки реинтеграция марказига бир нафардан масъул вакиллар бириктиради.

Реинтеграция марказининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар ҳисобланади:

  • хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларига “Ягона дарча” тамойили асосида манзилли хизмат кўрсатиш;
  • хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларининг эҳтиёжлари ва уларга кўрсатиладиган хизматлар тўғрисида “labor migration” дастурий мажмуасида маълумотлар базасини юритиш;
  • маълумотлар базасидаги маълумотларни таҳлил қилиш ҳамда аниқланган талаб, муаммо ва эҳтиёжлардан келиб чиқиб уларни тегишлилиги бўйича ваколатли органларга юбориш ва бажарилишини назорат қилиш;
  • хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантларига уларнинг маълумоти, мутахассислиги, хорижий давлатларда орттирган иш тажрибаларидан келиб чиқиб бандлигини таъминлашга кўмаклашиш;
  • хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантларини тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, уларга ўз бизнесини ташкил этишда субсидия ва имтиёзли кредитлар ажратилишига кўмаклашиш;
  • меҳнат мигрантлари оила аъзоларига Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва бошқа ташкилотлар туман (шаҳар) бўлинмалари билан биргаликда моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишни ташкил қилади.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид