Бу йил форум 50-марта, доимгидек январда эмас, балки баҳор фаслида ўтказилмоқда. Маълум вақт давомида пандемия бўлгани сабаб йиғилиш кечиктирилганди. 22 май куни халқаро тадбирга старт берилди.

Маълумотларга кўра, унда 2,5 мингга яқин киши қатнашмоқда. Улар орасида сиёсий раҳбарлар, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти фаоллари ҳамда журналистлар иштирок этишмоқда. Шунингдек, 50 нафардан ортиқ ҳукумат ва халқаро ташкилот раҳбарлари ҳам бу тадбирга ташриф буюриши айтилган. Хусусан, Германия канцлери Олаф Шолц, Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен ҳамда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг.

Форум 5 кун давом этади, унда турли долзарб мавзулар муҳокама қилиниб, томонлар ўз ечимларини таклиф қилишади. Euronews ушбу тадбир билан боғлиқ бир қанча маълумотларни эълон қилди.

Қайд этилишича, жаҳон иқтисодий форуми 50 йиллик тарихида ҳеч қачон ҳозиргидек мисли кўрилмаган глобал муаммоларга дуч келмаган. 2022 йилга келиб дунё мамлакатлари пандемиядан қутулиб, иқлим инқирози ва унинг салбий таъсирига қарши курашиб келмоқда. Шунингдек, Украинадаги уруш туфайли геосиёсий аҳвол ҳам яхши баҳоланмаяпти.

«Давос қор йўқлиги учун эмас, балки ушбу долзарб муаммоларни ечишда глобал ҳамкорлик бўлмагани туфайли ҳозирда бошқача кўринишда намоён бўлмоқда. Глобал муаммолар глобал ечимларга муҳтож, аммо биз бу глобал ечимларни кўрмаяпмиз. Шу сабабли Давосдаги учрашувда айнан шуларга ечим топишимиз керак», деди Халқаро иқтисодий форум президенти Бёрге Бренде тадбирдан олдин ўтказилган брифингда.

Айнан шу масалалар Халқаро иқтисодий форумнинг бу галги кун тартибида асосий ўринни эгаллаган.

Россиянинг Украинага бостириб кириши

Маълум қилинишича, Украинадаги уруш Давосдаги тадбирнинг бу йил бироз бошқача кўринишда ўтишини билдиради. Масалан, ташкилотчилар Россияга қарши санкцияларни ҳисобга олиб, Россия компаниялари вакилларига таклифнома бермасликка қарор қилишган.

«Бу урушни Путин бошлади ва уни ўзи тугатиши мумкин. Ўтмишда қабул қилган нарсаси, яъни Украинанинг ҳудудий яхлитлигини тан олиш орқали», деди Бренде.