Ички ишлари органлари ходимларининг фуқароларга нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатларидан навбатдагиси Самарқанд шаҳрида рўй берди. Бу галги жабрланувчилар – сайёҳлар.
ППХ ходимлари Самарқандда Қозоғистондан келган бир неча сайёҳ ва уларнинг ўзбекистонлик ҳамроҳларидан иборат гуруҳни, улар паспортларини кўрсатган бўлишларига қарамай, шахсини тасдиқлаш учун мажбуран ИИБга олиб боришган.
Бирор-бир ҳуқуқбузарлик содир этмаганига ишончи комил бўлган сайёҳлар ИИБга боришдан бош тортишган, бунга жавобан ходимлар қўшимча кучларни чақириб, уларга электрошокер қўллашган.
Ҳодиса видеолари, шунингдек, фуқароларга етказилган жароҳатлар суратларини Instagram'даги “Black List Tashkent” канали эълон қилди.
Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов Самарқанд шаҳар ППХ ходимлари хизмат вазифаси ва электрошокер қўллаш ваколатини суиистеъмол қилганини тан олди. Ҳолат бўйича ИИВ Шахсий хавфсизлик хизмати ва прокуратура ҳамкорлигида текширув бошланган.
“Текширув якунига кўра, қонунчиликка зид ҳаракат қилган барча ходимларнинг ҳамда фаолиятга масъул раҳбарларининг хизматдан бўшатилиши ва жавобгарлик масаласи кўриб чиқилади”, деди Ғиёсов.
ИИВ сўзчиси ўз баёнотида ППХ ходимлари фуқароларни тегишли бўлимга олиб боришгани уларга “план” белгилаб берилгани билан боғлиқлигига изоҳ бермаган.
Ҳодиса видеосида ходимлардан бири: “Муаммо йўқ, шунчаки менга план қўйилган” дегани эшитилади.
Воқеа Самарқанддаги Мирзо Улуғбек кўчасида, 21 майга ўтар кечаси соат тахминан 03:30–04:00 оралиғида рўй берган. Бу вақтда эса, ходимларнинг даъво қилишича, кўчада юриш мумкин эмас.
“Проблемани сизлар қиляпсизлар. Соат 23:00дан кейин Самарқанд шаҳрида “Хавфсиз тун” тадбири. [Ҳозир эса] соат ўнтакам тўрт”, – деган ППХ ходимларидан бири.
Фуқаролар аввалига ўзларини анча босиқ тутишган: ёнларида паспортлари борлигини айтиб, кўрсатишган; тинчгина қўйиб юборишларини илтимос қилиб, туристик полицияни чақиришни сўрашган – уларнинг бу илтимослари қондирилмаган. Ходимлар бир неча марта “ўтир машинага” дея қўпол муносабатда бўлиб, талаб қондирилмагач, қўшимча кучлар чақирган.















