Шарқий Осиёга илк ташрифи давомида Японияда чиқиш қилган Байден Пекиндаги ҳукуматни Тайван билан муносабатлардаги сиёсати орқали «хавфли ўйин олиб бориш»да айблади.
Байденнинг сўзлари, минтақадаги вазиятни кузатиб борувчи мутахассисларнинг фикрича, «ягона Хитой» сиёсатига (Пекиндаги ҳукуматни мамлакатнинг ягона легитим ҳукумати деб билиш) амал қилувчи Вашингтоннинг расмий позициясига зид келади.
Шу билан бирга Қўшма Штатлар Тайванни қўллаб-қувватлайди ва расмий дипломатик муносабатлар ўрнатилмаган бўлса-да, унга қурол-яроғ сотади.
Хитой Тайванни ўзининг ажралиб чиққан провинцияси деб ҳисоблайди, Тайван эса мустақил давлат эканини даъво қилади. Тайваннинг ўз конституцияси, армияси ва сайланган ҳукумати мавжуд.
- Маълумот учун, Хитойда фуқаролар уруши (1946—1949) натижасида Хитой Коммунистик партияси мамлакатнинг материк қисмида ғалаба қозонган, Хитой Республикасининг ўша пайтдаги президенти Чан Кайши бошчилигидаги олдинги раҳбарият Тайванга қочиб кетган. Уруш натижасида Хитой иккига бўлиниб кетди: биринчиси ҳозирги кунга келиб жаҳоннинг етакчи кучларидан бирига айланган ХХР, иккинчиси эса 15 давлат томонидан тан олинган Тайвандаги Хитой Республикаси. Натижада бир-бирини тан олмайдиган иккита Хитой ҳукумати юзага келган.
Байден японлар бош вазири Фумио Кисида билан биргаликда ўтказилган матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди. «Улар ҳозирда бу қадар яқиндан учиб ва бу барча манёврларни амалга оширган ҳолда хавфли ўйин ўйнашмоқда», деди АҚШ президенти Хитой ҳарбий самолётлари Тайван ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими зонасига киргани ҳақидаги хабарларни назарда тутган ҳолда.
Байденнинг қўшимча қилишича, хитойликларнинг Тайванга бостириб кириши кутилмаяпти, аммо воқеаларнинг кейинги ривожи «дунё бу каби воқеаларга қанчалик танбеҳ кўзи билан қараши»га боғлиқ бўлади.
Байдендан тўғридан тўғри агар Хитой Тайванга ҳужум қилса, АҚШ қандай йўл тутиши борасида сўрашган. Байден АҚШ Тайванни босқиндан ҳимоя қилишга қанчалик тайёрлиги тўғрисидаги саволга шундай жавоб қайтарган: «Ҳа ... бу биз ўз зиммамизга олган мажбурият».
1979 йилда АҚШда «Тайван билан муносабатлар тўғрисидаги қонун» қабул қилинган, унга кўра, Вашингтон «ягона Хитой» сиёсатига амал қилади, аммо Тайван ҳукуматига зарур ҳолда ўзини мудофаа қилиш воситалари етказиб бериш мажбуриятини олади.
Кейинроқ Оқ уй вакили Байденнинг сўзлари Американинг Хитой ва Тайван муносабатларидаги расмий позицияси ўзгаришини англатмаслигини билдирди.











