Наманган вилоятида 14 ёшли бола томонидан содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси бошқа бир ўқувчи ўлимига сабаб бўлди. Косонсой туманининг Кушон маҳалласида яшовчи 14 ёшли мактаб ўқувчиси «Ваз-2106» русумли автомобилда ҳаракатланаётиб, бошқарувни йўқотиши оқибатида йўл четида кетаётган тенгдошини уриб юборган.
Афсуски, бир оиланинг не-не умидлар билан ўстираётган жигарбанди фожиали тарзда нобуд бўлди.
Албатта, бу тақдири азал. Аммо марҳумнинг яқинлари учун масаланинг бир аламли томони бор – бу ҳолатда айбдорни – машина ҳайдовчисини жавобгарликка тортиб бўлмайди. Чунки у – вояга етмаган бола.
Гарчи ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси иккинчи қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлишига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётган бўлса-да, унинг якунини билса бўлади – айнан мазкур модда бўйича айбдорга жазо йўқ.
Боиси Жиноят кодексининг 17-моддасига кўра, кодекснинг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан айблаш учун шахс 16 ёшга тўлган бўлиши шарт.
Тўғри, тергов давомида ишнинг тафсилотлари синчковлик билан ўрганилади. Ҳодисага сабаб бўлган барча ҳолатлар таҳлил қилинади ва уларга ҳуқуқий баҳо берилади. Автомобил бошқаруви боланинг «қўлига тушиб қолгани»га сабабчи бўлган шахслар доираси ҳам аниқланади. Аммо факт шуки, жиноят қонунчилигида бу қилмиш учун жазо мавжуд эмас.
Ҳодисадан жабрланганлар етказилган (моддий ҳамда маънавий) зарарни вояга етмаган «ҳайдовчи»нинг ота-онасидан фуқаролик тартибида талаб қилишга ҳақлидир, холос. Жумладан, Фуқаролик кодексининг 993-моддасига кўра, ўн тўрт ёшгача бўлган вояга етмаган (кичик ёшдаги бола) томонидан етказилган зарар учун унинг ота-онаси (фарзандликка олувчилари) ёки васийлари, агар зарар уларнинг айби билан етказилмаганини исботлай олмасалар, жавобгар бўладилар.
Шу ерда бир муҳим гапни айтиб ўтмаса бўлмайди.
Миллий менталитетимизда шунақа бир жиҳат бор – автомобилга эга аксарият оталар фарзандининг бўйи чўзилиши ҳамон уни рулга ўтқазгиси келиб қолади. Ҳатто эндигина 10 ёшдан ошган болаларга рул бериб қўйган оилалар ҳақида эшитамиз.








