Қизиқ, бу нарх қилинган харажатни қоплармикан? Меҳнат қилган деҳқон қандайдир даромадга эга бўлармикан? Бу саволларга жавоб олиш учун юртимизнинг бодринг энг кўп етиштирилувчи уч ҳудуди – Андижон вилояти, Фарғонанинг Олтиариқ тумани, Хоразм вилояти миришкорлари билан суҳбатлашдик.

Сабоҳиддин Йўлдошев, олтиариқлик деҳқон: “Бодрингдан одам бойиб кетмайди, лекин рўзғорлик пул чиқиб туради”

– Бизнинг Олтиариқ туманимиз бодрингнинг асл кони ҳисобланади. Севимли шоиримиз Анвар Обиджон бежиз бу неъмат ҳақида асарлар ёзмаган. Энг эрта етиштирадиганлар ҳам, энг кўп ва сифатли етказадиганлар ҳам биз томондаги деҳқонлар, десам мақтаниш бўлмайди.

Бодрингнинг олдини узганимизда улгуржи 11-12 минг сўмдан сотдик. Бугунги кундаги нарх 3 минг сўм атрофида, бу яна кўтарилгани. Чунки ўртада кунлар исиб кетган пайтларда 2 минг сўмгача ҳам тушиб кетди.

Лекин ҳозир нарх арзон бўлса ҳам, ҳосилга барака кирган, ортиқча харажат қилинмайдиган пайт. Икки-уч кунда бир сув қуйиб, кунора ҳосилни йиғаверасиз, 4-5 сотих жойдан 5-6 қоп узаверасиз. Нарх арзон бўлса ҳам, ҳосил мўл. Қимматлигида ҳам меҳнати кўп, ҳам оз ҳосил оласиз.

– Савол шунда-да, бугунги нархлар ўзини, қилинган меҳнатни қоплайдими?

– Бодринг ўзи “бойиб кетаман”, деб томорқага экилмайди. Бу асосан кундалик харажатларга яраб турадиган экин. Апрель-май ойларида, халқимиз тили билан айтганда айни “илик узилди” пайтида кунлик даромад бериб туради. Лекин шу ози ҳам кўп коримизга ярайди, масалан, яқинда тўплаб Тошкентда ўқиётган қизимнинг контрактини тўлаб келдим. Рўзғорга ярайдиган баракали нарса-да бу. Катта даромадни асосан бирваракайига узиладиган ва сотиладиган узумдан оламиз.

Ҳусанбой Алиев, Асака: “Бизда Қирғизистон бозори таъсири кучли”

– Бодринг шундай нарсаки, вақти келса узишга ҳам эриниб қоласиз. Чунки ўртача икки ойгача тинимсиз ҳосил бериб турадиган бошқа экин турини мен очиғи билмайман. Ҳозир 2700-2800 сўмдан сотяпмиз. 5 сотихли иссиқхонамдан кунора 150-200 кг ҳосил чиқариб турибман. Тўғри, арзон туюлиши мумкин. Лекин тез-тез сотиб турганингиздан кейин хурсанд бўласиз-да. Шукр, нолисак уят бўлади.

Бир жиҳатни айтиб ўтсам – бизда Қирғизистон бозорининг таъсири катта. Қўшни давлатдан келиб кўп олиб кетишади. Уларнинг бирор кун келмай қолиши ёки кўпроқ олиб кетиб қолиши дарҳол бозорга таъсир қилади.