Американинг Техас штатидаги Ювалде шаҳридаги бошланғич мактабда рўй берган отишмада мактабнинг 19 нафар ўқувчиси ҳамда ўқитувчи аёл ҳалок бўлди, ҳужум қилган 18 ёшли йигит ҳам ўлдирилган. Яна 13 нафар бола шифохонага ётқизилган, уларнинг жароҳатлари турли даражада. 66 ёшли аёл ва 10 ёшли қизча оғир аҳволда.

Мактабдаги омон қолган болалар шаҳардаги ижтимоий марказга олиб кетилган

Ҳужум қилган шахс 18 ёшли Салвадор Ромас маҳаллий аҳоли вакили бўлиб, у отиб ўлдирилган. Маҳаллий нашрлар маълумотига кўра, у худди шу мактабнинг юқори синф ўқувчиси эди.

Шунингдек, айрим хабарларга кўра, у мактабга йўл олишидан олдин ўз бувисини ҳам отган, аммо кекса ёшли аёл омон қолган.

Мактабдаги фожиа ёзги таътиллар бошланишига икки кун қолганида рўй берди, шунинг учун сешанба ноодатий кунлардан бири эди: болалар ҳайвонот боғига бориш учун йиғилишган, ундан кейин аълочи ўқувчиларни тақдирлаш маросими ўтказилиши керак эди. Болалардан мактаб формасида эмас, ясаниб келиш сўралганди.

Энди мактаб ўқув йили якунига қадар ёпиқ бўлади.

Болалар ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари назорати остида автобусга чиқарилмоқда
Marco Bello / Reuters / Scanpix / LETA

АҚШ президенти Жо Байден қурбонларнинг оила аъзолари билан бирга азадор эканини айтди ва қурол савдосини чекловчи қонун қабул қилинишига тўсқинлик қилувчи қурол лоббисига қарши зудлик билан чора кўришга чақирди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев содир бўлган отишма оқибатида инсонлар ҳалок бўлгани ва жароҳат олгани муносабати билан президент Жо Байденга ҳамдардлик йўллади.

«Мотивлар номаълум»

Техас губернатори Грег Эбботтнинг сўзларига кўра, жиноятчи автомобилини мактаб ташқарисида қолдириб, бинога кирган ва ўт очган.

Фото: Reuters