Кўксаройда Имомали Раҳмон кутиб олинди
Пойтахтдаги Кўксарой қароргоҳида Тожикистон президенти Имомали Раҳмонни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Унда Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди.
Маросимда икки давлат мадҳиялари янграб, меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Шавкат Мирзиёев бошчилигида ҳар икки давлат расмий вакиллари билан таништирув маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон расмийлари қаторида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов ва Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев ҳам иштирок этган.
Шундан сўнг томонлар ўртасида тор доирада учрашув ўтказилди.
Давлат раҳбарлари биродар халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарига асосланган ўзаро манфаатли Ўзбекистон-Тожикистон ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Музокараларда асосий эътибор икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш, сиёсий, парламентлараро, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг кун тартибини тубдан кенгайтириш масалаларига қаратилди.
Кейинги олти йилда ҳамкорликнинг барча йўналишларда ютуқларга эришилди. Олий даражадаги музокаларда эришилган келишувлар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари, ҳудудлари ўртасида мунтазам алмашинувлар йўлга қўйилган.
Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон кўп қиррали Ўзбекистон-Тожикистон стратегик шериклигини янада ривожлантириш йўлидан қатъий боришларини тасдиқладилар.
Давлат раҳбарлари савдони фаол кенгайтириш ва саноат кооперациясини кучайтириш, икки мамлакатнинг логистика ва транзит имкониятларини ривожлантириш ҳамда сув энергетикаси лойиҳаларини амалга ошириш орқали муносабатларни янги амалий мазмун билан бойитишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Минтақавий ва халқаро кун тартиби юзасидан фикр алмашилди, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришга томонларнинг интилиши қатъий экани таъкидланди.
Мавзуга оид
21:17 / 14.11.2024
ССВ ҳузурида «Харидлар маркази» ва унинг 13 та ҳудудий филиали ташкил этилади
16:20 / 14.11.2024
“Иқлим ўзгариши муаммоларини айниқса Марказий Осиёда ўткир ҳис қиляпмиз” — Шавкат Мирзиёев
14:37 / 13.11.2024
Шавкат Мирзиёев Бокуда Илҳом Алиев билан учрашди
13:50 / 13.11.2024