Ўзбекистон | 10:23 / 02.06.2022
63769
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда 20 йил ўғил бола исми билан юрган қизга ўз исми ёзилган гувоҳнома берилди

Ҳужжатлардаги хатолик туфайли қизга ўғил боланинг исм-шарифи ёзилган гувоҳнома бериб юборилган. Туман марказидан 180 километр узоқликда яшовчи оила гувоҳномани ўзгартиришга эътибор бермаган.

Фото: Халқ сўзи

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманининг тоғли Дуоб ва Теракли қишлоқлари аҳолиси учун туман фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими томонидан ўтказилган сайёр қабулда 20 йилдан буён «Шафоатов Олим» дея қайд этилган гувоҳнома билан яшаб юрган қиз мурожаат қилган.

«Халқ сўзи»да хабар берилишича, қиз туғилганида унга янглишиб, «Шафоатов Олим» деб ёзилган гувоҳнома бериб юборилган. Ота-онанинг эътиборсизлиги, тоғли қишлоқнинг туман марказидан 180 километр узоқда жойлашгани ва марказга бориш қийин бўлгани сабабли қизнинг ўғил бола исми ва фамилияси қайд этилган туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси ўзгартирилмай қолиб кетган.

Мурожаатдан сўнг қизга ўз исми ёзилган гувоҳнома берилган.

«Кеч бўлса-да бу хато тўғриланди. Биз сайёр қабулдан сўнг «Шафоатов Олим» гувоҳномаси билан юрган қизга «Шафоатова Муқаддам Равшан қизи» деб қайд этилган гувоҳномани топширдик», дейди Деҳқонобод тумани фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими мудираси Озода Ашурова.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид