Дин ишлари бўйича қўмита ўзбекистонликлар учун 2022 йил Ҳаж мавсумига доир маълумотларни эълон қилди. Унга кўра, 2019 йилга қараганда квоталар сони 7200 кишидан 10 865 нафарга ошган.
Ўзбекистонлик зиёратчилар учун нархлар 33,5 млн сўмдан 62,9 миллион сўмга қадар кўтарилган. Бу – Марказий Осиё ва Россияни ҳам қўшиб ҳисоблаганда энг қиммат нарх ҳисобланади.
Қўмита нархларнинг ошишига Саудия ҳукумати томонидан Ҳаж сафари нархига таъсир қилувчи қўшимча солиқ ва мажбурий тўловлар жорий қилингани, коммунал, транспорт, электр-энергия ва бошқа хизматлар учун тўловлар миқдори бир неча баравар ошганини сабаб қилиб кўрсатди.
Kun.uz Ўзбекистонга қўшни бўлган мамлакатлар ва Россияда Ҳаж зиёрати қанча туришини таҳлил қилди.

Қозоғистон – 4,3 минг доллар
Қозоғистонлик зиёратчилар учун Саудия ҳукумати 2022 йилда 3500 дан 4527 нафаргача ўрин ажратган. Қозоғистон Мусулмонлари идораси ажратилган квоталарнинг 3 мингтаси учун тур фирмалар ўртасида танлов эълон қилган.
Мамлакат камроқ квота олаётгани Саудия Арабистонида нархлар қимматлагани, шунингдек, мамлакатда АҚШ доллари курсининг жуда ўзгарувчанлиги туфайли зиёратга боришни хоҳловчилар камайгани билан изоҳланмоқда. Бундан ташқари, зиёратга борувчилар учун подшолик ўрнатган 65 ёш чеклови сабабли ҳам талаб камайган.
Қозоғистон Мусулмонлари идораси Ҳаж бўлими бошлиғи Жандилла Бекжигитовга кўра, пандемияга қадар мамлакатга 10 мингга яқин ўрин ажратилган.
Турфирмалар ҳозирча стандарт пакет учун 4,3 минг доллар, VIP пакетда 6,9 минг долларгача таклифлар бермоқда.
Тожикистон – 5,3 минг доллар







