Муаллифнинг қайд этишича, уч йилча аввал Франция президенти Эммануэл Макрон «НАТО миясининг ўлиши» борасида ўзининг машҳур ташхисини қўйган. Ўша вақт учун унинг нуқтайи назари тўғри бўлган: Европада стратегик фикр юритишнинг йўқлиги президент Доналд Трамп ҳукмронлиги остида АҚШ сиёсатини олдин тахмин қилиб бўлмайдиган ҳолатга келиши билан қоришиб, альянс учун совуқ уруш давридан буён илк марта жиддий муаммолар келтириб чиқараётганди.

АҚШ армияси аскарлари Болгариянинг Ново-Село ҳарбий полигонида НАТО машғулотларида иштирок этишмоқда. НИКОЛАЙ ДОЙЧИНОВ / AFP GETTY IMAGES

Ҳозирга келиб НАТОнинг қайта туғилиши ҳақида гапира бошлашди, чунки Россиянинг Украинага қарши уруши блокнинг ҳудудий мудофаа бўйича асосий миссиясига янги долзарблик бахш этмоқда.

Кремл душман эмас, ҳамкор сифатида кўрилган

Лукаснинг қайд этишича, НАТО аъзолари Россия томонидан юз берадиган таҳдидни қайта баҳолаб ва Украинани қурол-яроғ билан таъминлай туриб, мудофаа бюджетини кўпайтириб, альянснинг шарқий чегаралари хавфсизлигини мустаҳкамлаб, мақсадларнинг янги бирлигини топишган.

14 йилгина аввал альянсга таҳдидларни баҳолувчи НАТОнинг ўта махфий органи — MC161 ва унинг сиёсий раҳбарияти ўз сценарийларида Россия томонидан юз берадиган ҳар қандай ҳарбий таҳдидни кўриб чиқишни тўғридан тўғри тақиқлаб қўйганди. Бунда босим Германия каби Россия тарафдорларидан эмас, АҚШнинг ўзидан ҳам чиққани ҳайратланарли. Умумқабул қилинган фикрга кўра, Кремл душман эмас, ҳамкор сифатида кўрилган.

Бундай сиёсат натижасида НАТОнинг энг ожиз аъзолари — Польша ва Эстония, Латвия ва Литва каби Болтиқбўйи давлатлари иккинчи навли иттифоқчиларга айланишган. Гарчи улар блокда бўлишса ҳам, фақат қоғозда шундай саналишган. Уларнинг ҳудудида айтарли ташқи кучлар бўлмаган, альянс эса кутилмаган вазиятларда ҳужумга дучор бўлишса, уларнинг мудофаа қобилиятини кучайтириш ёки ҳимоя қилишга доир режалар тузишдан мутлақо бош тортиб келган. Польша мудом шундай режани талаб қилиб келган, лекин уларга бундай режа Беларус ҳужумига қарши тузилиши мумкинлигини айтишган, минбаъд Россияга қарши эмас.

НАТО тез ва қатъий қарор чиқара оладими?

Бироқ Россиянинг Украинага 2014 йилги илк ҳужумидан сўнг НАТОнинг режалари ва ҳаракатлари жиддийлаша бошлади. Болтиқбўйидаги уч давлатда 1000 кишидан иборат кучлар жойлаштирилди, Польшада эса АҚШнинг янада йирикроқ қўшинлари.