8 июн куни Анқарада Туркия ва Россия ташқи ишлар вазирлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда томонлар Истанбулда Украина, Россия, Туркия ва БМТ иштирокида «буғдой коридори» ташкил қилиш бўйича музокара ўтказишга тайёрлигини маълум қилди. Украина буғдойини жаҳон бозорига олиб чиқиш учун Украинадаги портларни миналардан тозалаш талаб этилади. Киев Россия бундан ҳарбий мақсадда фойдаланмаслиги бўйича кафолат сўрамоқда.
Россия томони ҳар қанча Украина буғдойи дунё улушида кам ҳиссани ташкил этиши ҳақида гапирмасин, кўплаб давлатлар украин буғдойи бозорга чиқмаслиги озиқ-овқат хавфсизлигида жиддий муаммо деб қарамоқда. Украина Россияни унинг буғдойларини ўғирлаганликда айбламоқда. Путин эса Украинадан буғдойни олиб чиқишда муаммо йўқлигини айтди.
Россия Украина жуда кам буғдой етиштиришини иддао қилаётган бўлса-да, Туркия пойтахтидаги учрашувда асосий эътибор айнан шу масалага қаратилди. Шунингдек, Сергей Лавров ҳамда Мавлуд Човушўғли ўртасидаги учрашувда Украина – Россия музокараларини тиклаш масаласи кўтарилган. Томонлар охирги марта икки ой аввал айнан Истанбулда музокараларда иштирок этганди.
Лавров нима деди?
Биринчи: Лавровнинг айтишича, Россия ва Туркия ҳарбийлари Украина портларини миналардан тозалаш ва у ердан буғдойни олиб чиқишни муҳокама қилмоқда. Лавров Украина ҳукумати ва хусусан президент Зеленский бу сувларни миналардан тозалаб, жараённи бошлашга тайёрлигини очиқчасига рад этаётганини иддао қилди. «Туркиялик дўстларимизнинг айтишича, Украина томони эндиликда ёки ҳудудни миналардан тозалаш ёки миналанган ҳудуддан йўлак ташкил қилишга тайёр», деган Лавров.
Украина президенти Володимир Зеленский икки кун аввал портларни қайта очиш учун энг тўғри йўл мамлакатга кемаларга зарба берувчи ракеталар тақдим этиш эканини айтганди. «Россиянинг айтишича, биз озиқ-овқат инқирози пайдо қиляпмиз, аммо биз Россиянинг бу риторикасини синдирамиз. Биз бунга тайёрмиз, аммо бу учун хавфсизлик коридори керак», деганди Украина етакчиси.
Иккинчи: Човушўғли билан учрашувдан кейин брифингда иштирок этган Лавров ҳозирги ҳолатдан ҳарбий мақсадларда фойдаланилмаслигини айтди. «Украина миналардан тозалашни бошласа, биз бу ҳолатдан «махсус ҳарбий амалиёт» доирасида фойдаланмаймиз. Бу Россия президенти айтган кафолат, биз уни амалга оширишга тайёрмиз», деган Лавров. Россияда Украинадаги урушни уруш деб аташ тақиқланган. Путин ва мулозимлари урушни «махсус ҳарбий амалиёт» деб атаб келади.
Учинчи: Лавровнинг айтишича, Россия ва Туркия Украина портларидан чиқаётган кемалар хавфсизлигини кафолатлаб, улар бўғозларга етиб боришини таъминлашга тайёр. Аммо Лавров буни нега айтгани тушунарсиз.

















