Россияликлар пайшанба куни ўзининг буюк жаҳонгири деб билган Пётр I таваллудининг 350 йиллигини нишонлади.

«Бу энди бизнинг чекимизга тушган кўринади»

Путин 24 феврал куни «махсус ҳарбий операция» (Россияда урушни шундай аташади, уни уруш дейиш тақиқланган) бошланганини эълон қилар экан, Украинага босқиннинг асосий мақсади ушбу мамлакатни миллатчилардан тозалаш (денацификация) ва Ғарб томонидан берилган қуроллар ёрдамида кучайтирилган Украина армияси салоҳиятини пасайтириш (демилитаризация) эканини айтганди. Аммо бугун бу мақсадлар ҳақида ҳатто Россия пропагандачилари ҳам гапирмай қўйган, руслар бирин-кетин босиб олган ҳудудларига ўз байроғини илишда давом этмоқда.

Бутун дунёда Россия урушни Украинани босиб олиш учун бошлагани ҳақида гапиришмоқда, аммо Россия кўплаб ҳудудларга ўз одамларини раҳбар қилиб қўйишга улгурган бўлса-да, буни тан олмайди. Шу сабаб Путиннинг ҳудудларни қайтиб олиш ҳақида гаплари кутилмаган бўлди. Ахир бу Россиянинг уч ойдан буён тинмаётган уруш ҳақидаги расмий позициясининг ҳам оёғини осмондан қилади.

Путин яна нималар деди?

«Биз ўзимизни ҳимоя қилишга уринаётганимиз табиий ҳол. Мана, ҳозир Пётр I таваллудининг 350 йиллигига бағишланган кўргазмада бўлдик. Қизиғи, ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Пётр I 21 йил давомида Шимолий урушда иштирок этган. У Швеция билан уришиб ниманидир тортиб олган дейишади. Йўқ, у ҳеч нимани тортиб олмаган, қайтариб олган! Ҳа, айнан шундай бўлган!

У ҳозирги Петербург жойлашган ҳудудда янги пойтахтга асос солганида ҳеч бир Европа давлати уни Россия ерлари деб тан олмаган, Швецияники деб тан олишган. У ерларда асрлар давомида финн-угорлар билан биргаликда славянлар ҳам яшаган, ҳудуд рус давлати назоратида бўлган. Ғарбий йўналишда ҳам шундай, хусусан, Нарва (Эстонияда жойлашган шаҳар) ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин, Пётр I уни қайтарган, мустаҳкамлаган», деди Путин.

Россия президентининг айтишича, ўз вақтида Пётр I қилган ишлар ҳозирда унинг чекига тушган. «Афтидан, бизнинг чекимизга ҳам қайтариш ва мустаҳкамлаш тушган кўринади», деди Россия президенти ёш тадбиркорлар билан учрашувда ёйилиб кулиб.

Путин ҳудудларни қайтариб олиш ҳақида гапирар экан, 105 кундан буён давом этаётган ва ўзи бошлаган уруш ҳақида лом-мим демади. Путин 24 феврал куни Украина ҳудудида «махсус ҳарбий амалиёт бошлангани», мақсади Украина ҳудудини босиб олиш эмаслигини айтганди.