Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров «Sevimli» телеканали мухбири ва тасвирчиси ҳамда Human.uz ходими билан боғлиқ ҳолатлар бўйича Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия мутасаддиларидан ходимларига нисбатан чора кўришни талаб қилди.

«Биз қонун устувор бўлган жамиятда яшаяпмиз. Ўзининг хизмат вазифасини бажараётган оммавий ахборот воситаси ходимига тўсқинлик қилишга, унга нисбатан куч ишлатишга, қўлидаги микрофони ёки камерасини тортиб олишга ҳеч кимнинг, шу жумладан, ички ишлар органлари ходимларининг ҳам қонунан ҳаққи йўқлигини ҳаммамиз яхши биламиз.

Давлатимиз раҳбари “Қонуний фаолият юритаётган барча журналист ва блогерлар бундан буён ҳам қонун ва Президент ҳимоясида бўлади” деб алоҳида таъкидлаганини, афсуски, айрим осойишталик посбонлари унутиб қўйганга ўхшайди. Аксинча бўлганида, футбол чемпионатини ёритиш учун «Пахтакор» стадионига борган журналист ва тасвирчи ички ишлар ходимлари томонидан калтакланмаган бўларди.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг 11 июнь куни Тошкент шаҳридаги «Пахтакор» стадионида футбол бўйича U-23 Осиё кубоги чорак финали доирасида Ўзбекистон – Ироқ ўйинини ёритишга борган «Sevimli» телеканали мухбири ва тасвирчисига нисбатан ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимлари томонидан куч ишлатилган. Микрофони ва камерасини тортиб олингани камлик қилганидек, ходимлар томонидан калтакланган. Худди жиноятчи каби журналистларнинг қўлларини қайириб, Шайхонтоҳур туман ИИБ биносига олиб боришган...

Жабрланган мухбирнинг айтишича, ички ишлар ходимлари ундан кечирим сўраб, ортиқча гап қилмаслиги ва бирон жойда гапириб юрмаслигини тайинлаган.

Хўш, шу билан “ёпиғлик қозон ёпиғлигича” қолаверадими? Амалдаги қонун нормаларини четлаб ўтган, ОАВ ходимларига зўравонлик қилган “осойишталик посбонлари” яна ҳеч нарса бўлмаганидек, ўз ишини давом эттираверадими? Йўқ, энди бунга асло тоқат қилиб бўлмайди, улар қилмишига яраша жазолашиши ва бу бошқалар учун ибрат бўлиши зарур.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ОАВ ходимларининг ҳуқуқларини, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда қатъий давом этади. Журналист фаолиятига тўсқинлик қилиш, ноқонуний йўллар билан дахл қилиш, шахсини обрўсизлантиришга бўлган ҳар қандай уринишларни кескин қоралайди.

Алоҳида қайд этамизки, мазкур ҳолат Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, АОКА, ЎзММА томонидан назоратга олинган, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Бош прокуратурага сўров юборилган ва шу билан бирга, ҳолат юзасидан мустақил ўрганиш ҳам олиб борилмоқда.