1 ҳафта олдин пиёдалар чизиғида машина уриб кетган бемор ҳамон операция қилинмаяпти
Таниқли шоир ва ёзувчи Муҳаммад Исмоилнинг ўғлини 8 июн куни Оҳангаронда, пиёдалар ўтиш йўлагида машина уриб кетган. Суяклари сингани айтилаётган бемор ҳалигача операция қилинмаган, уни РШТЁИМга олиб боришга рухсат берилмаяпти.
Шоир ва ёзувчи Муҳаммад Исмоил 25 ёшли ўғли 8 июн куни Оҳангарон туманида автоҳалокатга учрагани ҳақида маълум қилди. Унинг Facebook'даги саҳифасида ёзишича, ўғлини юқори тезликда келаётган машина пиёдалар ўтиш йўлагида уриб кетган.
“... ҳаммаси кўз олдимда содир бўлди. Беш-олти киши одамлар йўлаги учун чизилган чизиқ устида кетаётган эдик. Бир машина 300-400 метр наридан учиб кела бошлади. Мен “тўхта, тўхта” ишорасини қилиб, қўл кўтариб, ҳай-ҳайладим. Машина тормозни ҳам босмай, беш кишининг устига ўзини солди. Ҳамма ҳар ёққа отилди, машина келиб ўғлимни урди, ўғлим уч метр нарига учиб тушди. Ҳаммаси кўз олдимда содир бўлди. Вой-дод деб ўғлимнинг устига ўзимни ташладим. Ўғлимни кўтарай десам, икки оёғи осилиб ётибди. Икки оёғининг суяклари синиб кетибди", – дея ёзган Муҳаммад Исмоил.
Ота ўғлини 5 кундан бери Оҳангарон шифохонасидан Тошкент шаҳридаги Республика шошилинч тез тиббий ёрдам марказига олиб келишга ожиз қолаётганини айтмоқда. Ёзувчининг ўзи билан боғланганимизда ҳужжатбозлик ишлари сабаб беморни малакалироқ шифохонага олиб ўтиш қийин кечаётганини маълум қилди.
“Ўша куни боламни Оҳангарон шаҳридаги марказий шифохонага олиб келдик. 2та оёғи ва 1 қўли синган ҳолатда. Мен уларнинг соҳасини тушунмайман, 5 кундан бери ўзимиз даволаймиз деб олиб ўтиришибди. Лекин синган суяк илигидан ёғ ажралиб чиқиб, қонга бораркан. Қон юриб-юриб ўпкага бориб, бу нафас олишни қийинлаштираркан. Ҳозир болам нафас ололмай ҳириллаб ётибди. 3 марта ўлимдан қолди. Ҳозир мана шунақа аҳволда, 5 кундан бери операция ҳам қилинмаган”, – дейди ёзувчи.
Беморга РШТЁИМ Тошкент вилояти филиалидан бош травматолог Қодиров Р.С. бош миянинг ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, ўнг сон суягининг ўрта учлигининг ёпиқ силжиб синиши, чап болдир суягининг ўрта учлигидан синиб силжиши каби бир қатор ташхислар қўйган. Шунингдек ташхисда, беморда нафас олиш етишмовчилигининг 2-3 даражаси экани, ҳозирги пайтда транспортировка қилишга тавсия қилинмаслиги айтилган.
Муҳаммад Исмоилнинг айтишича, шифокорлар беморга етарлича қарашмаган. Шундан кейин Facebook'да пост ёзишга мажбур бўлган.
“16-тез тиббий ёрдам шифохонасига кўчириш учун жуда кўп ҳужжатлар талаб қилинаркан. Тумандан ўзларича олиб кетишолмас экан, олдин вилоятга, вилоятдан кейин 16-тез тиббий ёрдам шифохонасига олиб бориш керак. Бирови бош кўтариб, айтолмас экан, айтишса, ўзларини қараёлмаганликда айблашаркан. 6 кундан бери болангизни қўл-оёғи синиб ётса-ю ҳеч ким эътибор қилмаса, нима қилиш қилиш мумкин?” – дейди у.
Мавзуга оид
13:38 / 08.11.2024
Миср Тошкент вилоятида кўчмас мулк соҳасига инвестиция киритмоқчи
21:15 / 07.11.2024
Тошкент вилоятида иситиш мавсуми 8 ноябрдан бошланади
11:53 / 06.11.2024
Зойир Мирзаев Тошкент вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди
22:14 / 05.11.2024