Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ Ўзбекистоннинг гендер сиёсатни амалга оширишдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашни давом эттиради
Вашингтонда Сенат раиси - Гендер тенглик масалалари бўйича республика комиссияси раҳбари Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Оқ уйнинг Гендер сиёсати кенгашидаги катта маслаҳатчиси Рэйчел Фогельштейн ва Давлат департаментининг Хотин-қизлар глобал ишлари бўйича идораси директори Катрина Фатоват билан музокаралар ўтказди.
Учрашувда Америка томон Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси фаолияти билан батафсил таништирилди.
Гендер кун тартибини “C5+1” мулоқот форматида биргаликда тарғиб қилишдан манфаатдорлигига урғу бериб, Давлат департаменти вакили Ўзбекистонда “C5+1” аёллар бизнес-форумини АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари етакчи ва ишбилармон аёллари иштирокида ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлади.
Танзила Норбоева ташриф доирасида АҚШнинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича комиссиясининг (Хельсинки комиссияси) катта сиёсий маслаҳатчиси Женис Хелвиг билан учрашди.
Хельсинки комиссияси вакили одам савдосига қарши курашиш ва гендер масалалари билан шуғулланувчи, шунингдек, Марказий Осиё билан ишлаш борасида 25 йиллик тажрибага эга бўлган мутахассис сифатида “Cotton Campaign” халқаро коалицияси томонидан ўзбек пахтасига қўйилган бойкот бекор қилингани ҳам муҳим воқеа эканлигини айтиб ўтди.
Шунингдек, Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси АҚШ мода индустрияси уюшмаси (USFIA) президенти Жулия Хьюз билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида “Cotton Campaign” коалицияси томонидан “пахта бойкоти” бекор қилиниши муносабати билан Америка брендлари билан бизнес ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари муҳокама этилди.
Учрашувда Америка брендлари ва маҳаллий тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ўртасида тўғридан тўғри ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича мувофиқлаштиришни давом эттириш тўғрисида келишувга эришилди.
Ўзбекистон делегацияси Конгресс кутубхонасига “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳасидан китоблар тўпламини ҳам топширди.
Маросимда ўзбек тилидаги кутубхона тўпламлари сақланаётган Яқин Шарқ ва Африка адабиёти бўлими директори Жоан Викс ҳамда Араб дунёси бўлими бошлиғи Муханнад Салхи иштирок этди.
Тадқиқотчиларни Марказий Осиё ва ўрта аср Шарқига мансуб, айримлари 7 асрга оид нодир асарлар, тарихий ҳужжатларнинг ноёб қўлёзма намуналаридан иборат факсимил қўлёзмалар ҳайратга солди ва қувонтирди.
Тадбир якунида кутубхона экспертлари, Ўзбекистон ва АҚШ илмий доиралари ўртасида икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштириш, тарихий қўлёзмаларни биргаликда рақамлаштиришга келишиб олинди.
Хусусан, Америка томони АҚШ Конгресси кутубхонаси ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси қошидаги Шарқшунослик институти ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга қизиқиш билдирди.