Жаҳон | 18:38 / 18.06.2022
24490
2 дақиқада ўқилади

Миллиардер Баффет билан бирга овқатланиш ҳуқуқи 19 млн долларга сотилди

Уоррен Баффет 2000 йилдан буён ўзи билан бирга овқатланиш ҳуқуқини аукционда сотади. Шу вақтга қадар ушбу савдолардан 53 млн доллар пул тушган.

Фото: Reuters

Кимошди савдосида Уоррен Баффет билан кечки овқатни бирга тановул қилиш ҳуқуқи 19 млн долларга сотилди. Бу ҳақда Reuters ва Bloomberg хабар берди.

Савдо ғолиби исм-шарифи сир сақланишини истаган.

Савдо eBay аукционида 25 минг доллар нарх билан бошланди. Савдонинг иккинчи кунида нарх 2 млн долларга, учинчи куни эса 11 млн долларга етди. Аукцион савдосининг сўнгги дақиқасида 19,0001 млн доллар таклиф этган харидор ғолиб бўлди.

Аукцион ғолиби ва у таклиф этиши мумкин бўлган етти нафаргача меҳмон Баффет билан бирга Манҳэттендаги Smith & Wollensky стейҳаусида овқатланишади.

Баффет 2000 йилдан буён ўзи билан бирга овқатланиш ҳуқуқини аукционда сотади. Фақат 2020 ва 2021 йиллари пандемия сабабли аукцион ўтказилмаган. Шу вақтга қадар ушбу савдолардан 53 млн доллар пул тушган.

Савдодан тушган пуллар қашшоқлар, уйсизларга ёрдам бериш ва гиёҳвандлик моддаларини суиистеъмол қилишга қарши курашиш билан шуғулланадиган Glide нотижорат ташкилотига берилади.

Аввалроқ Баффет барча бойлигини Glide ташкилотига тақдим этишини айтганди. Инвесторнинг бойлиги 93,4 млрд долларни ташкил этади.

Мавзуга оид