Ўзбекистон | 10:45 / 20.06.2022
13508
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев конституциявий ислоҳотлар ўтказиш зарурати нима билан боғлиқ эканини тушунтирди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашуви ўтказилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Учрашувда Шавкат Мирзиёев конституциявий ислоҳотлар ўтказиш зарурати нима билан боғлиқ эканини тушунтириб ўтди.

“Нима учун айнан бугун конституциявий ислоҳотлар ўтказиш зарурати туғилмоқда? Айрим юртдошларимиз, ҳатто баъзи олимларимиз ҳам Конституциямиз замонавий демократик талабларга жавоб беради-ку, унга ўзгартириш киритишга эҳтиёж борми, деган саволни ўртага қўймоқда. 

Тўғри, Конституциямиз хорижий илғор тажриба ҳамда халқаро стандарт ва талабларга ҳар томонлама мос келади. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ. Мен амалдаги Асосий қонунимизни қабул қилишда иштирок этган комиссия аъзоси сифатида олдин ҳам айтганман: Ўзбекистон Конституцияси мустақиллик йилларида эришган барча ютуқларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб келмоқда. 

Буни ҳаммамиз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз. Шу билан бирга, бугун шиддатли тараққиётнинг ўзи олдимизга қўяётган муҳим бир талабни чуқур тушуниб олишимиз зарур. Ҳозирги таҳликали замон, ён-атрофимиздаги мураккаб вазият она Ватанимиз тақдирига янада улкан масъулият билан ёндашиб, кечиктириб бўлмайдиган стратегик қарорлар қабул қилишни тақозо этмоқда", деди давлат раҳбари. 

Шунингдек, президент сўзларига кўра, бугунги кун ҳолатига Комиссияга фуқаролардан 48 минг 492 та таклиф келиб тушган.

Конституциявий комиссия томонидан тайёрланган таклифлар чуқур муҳокамадан ўтказилган ва ҳозирда Қонунчилик палатасига киритиш босқичида. Энди қонун, регламент асосида муҳокамалардан ўтказилади.

Мавзуга оид