Ўзбекистон | 07:24 / 21.06.2022
9935
2 дақиқада ўқилади

Абдулла Арипов Минскка борди

20 июнь куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Евросиё ҳукуматлараро кенгаши мажлисида иштирок этиш учун Минск шаҳрига келди.

Фото: Belta.by

Абдулла Ариповни аэропортда Беларус бош вазири Роман Головченко кутиб олди, дея хабар беради БелТА.

Учрашувда томонлар ҳамкорликни фаоллаштириш, ўзаро алоқалар салоҳиятини очишдан манфаатдорлик билдирдилар.

«Деярли барча соҳаларда ижобий динамика кузатилмоқда. Бу, айниқса, мамлакатимиз учун мураккаб даврда жуда муҳим. Беларус жамоавий Ғарб томонидан сиёсий ва иқтисодий босим нишонига айланди. Биз бу чақириқларни, жумладан, барқарор савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантираётган анъанавий ҳамкорларимиз кўмагига таяниб, енгиб чиқяпмиз. Ўзбекистоннинг бундай вазиятда дўстона, шериклик ёндашувини юқори баҳолаймиз ва тўлақонли ҳамкорликни сақлаб қолиш ва ривожлантириш бўйича аниқ йўналишни кўряпмиз», — деди Роман Головченко. 

Бундан ташқари, Роман Головченко ҳамкорлик лойиҳаларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлагани учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдирди.

«Бу МТЗ тракторлари, МАЗ автомашиналари асосидаги махсус техника ҳамда қутқарув, карьер техникаси ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга ҳам тегишли», — деди у. 

Кейинроқ Беларус, Россия ва Ўзбекистон ҳукумат раҳбарлари Роман Головченко, Михаил Мишустин ва Абдулла Арипов «Амкодор»га ташриф буюргани маълум бўлди. Бош вазирлар корхона фаолияти билан танишиб, саноат соҳасида ҳамкорлик қилиш истиқболларини муҳокама қилди. 

Ҳукумат раҳбарларининг «Амкодор»га ташрифи кеча Минскда очилган Евросиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилишига тўғри келди. Бош вазирлар ЕОИИда товарларни идентификациялаш орқали маркалашни жорий этиш, устувор ва юқори технологияли тармоқларда ҳамкорлик ва импорт ўрнини босиш бўйича комиссия тузиш ҳамда трансчегаравий рақобат ҳолатини муҳокама қилади. Бундан ташқари, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, иқтисодиётни рақамлаштириш, электрон тижорат, божхона ҳамкорлиги масалалари ҳам кун тартибида.

Мавзуга оид