Жаҳон | 08:19 / 21.06.2022
26833
2 дақиқада ўқилади

Дмитрий Муратов Нобел медалини 103,5 млн долларга сотди 

«Новая газета» бош муҳаррири 2021 йилда олган Нобел тинчлик мукофоти медали сотувидан тушган маблағ украиналик қочқин болаларга ёрдамга йўналтирилади.

Фото: Picture Alliance

2021 йилги Нобел тинчлик мукофоти совриндори, «Новая газета» бош муҳаррири Дмитрий Муратовнинг медали аукционда 103,5 миллион долларга (98,4 миллион евро) сотилди. Бу ҳақда 20 июнь, душанба куни савдоларни ўтказган Американинг Heritage Auctions савдо уйи сайтида маълум қилинди. Харидорнинг исми номаълум. 

Савдо уйига кўра, мукофотни сотишдан тушган барча маблағ БМТ Болалар жамғармасига (ЮНИСEФ) украиналик қочқин болалар ва уларнинг оилаларига ёрдам бериш учун юборилади. Аукцион Нью-Йоркда бўлиб ўтди ва у 20 июнда нишонланган Бутунжаҳон қочқинлар кунига бағишланди. ОАВнинг ёзишича, бу Нобел медалининг мукофот тарихидаги энг қиммат сотуви бўлди. 

Дмитрий Муратов Нобел тинчлик мукофотига сазовор бўлган Россиянинг биринчи фуқароси бўлди. У филиппинлик журналист Мария Ресса билан «демократия ва мустаҳкам тинчликнинг дастлабки шарти бўлган сўз эркинлигини ҳимоя қилишдаги саъй-ҳаракатлари» учун мукофотни олди. Нобел қўмитаси изоҳида айтилишича, Муратов нашр ходимларига бир неча бор таҳдидлар ва бир неча журналистларнинг ўлдирилишига қарамай, «Новая газета» мустақил сиёсатидан воз кечмаган.

Муратов медални Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан март ойида қайтариб сотиш ниятида эканини маълум қилган эди. Орадан кўп ўтмай, «Новая газета» газетани ўз сайтида, ижтимоий тармоқларда ва қоғоз кўринишида нашр этишни Украинадаги уруш тугагунига қадар тўхтатиб қўйганини маълум қилди. Нашр бу қарорини Роскомнадзордан иккинчи огоҳлантириш олгани, шу сабабли «газета ишини давом эттира олмаслиги» билан изоҳлади. 

Мавзуга оид