Жаҳон | 14:32 / 22.06.2022
7013
2 дақиқада ўқилади

Германия ядро қуролини тақиқлаш тўғрисидаги шартномага қўшилмаслигини маълум қилди 

Германия ва НАТО учун ядровий ҳужум таҳдиди мавжуд экан, ядровий қуролдан воз кечиш хато бўлади, деб ҳисобламоқда Берлин. Шунинг учун Германия ядро қуролини тақиқлаш тўғрисидаги шартномага қўшилиш имкониятини кўриб чиқмаяпти.

Фото: Picture Alliance

Германия ҳукумати ядровий қуролни тақиқлаш тўғрисидаги шартномага қўшилмайди. Бундай ҳаракат Германиянинг НАТОга аъзолигидан келиб чиқадиган мажбуриятларига мос келмайди, қуролсизланиш хавфсизлик сиёсати соҳасидаги вазиятни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши керак, дейилади Германия ҳукуматининг Бундестагдаги сўллар партиясидан депутат Севим Дагделен сўровига жавобида.

Ҳужжатда айтилишича, Россиянинг Украинага ҳужуми Москвадан келаётган таҳдидларни кўрсатяпти. Шу билан бирга, Германия ҳукумати ядросиз дунё ғоясига содиқлигини таъкидлади. 

Ядро қуролини тақиқлаш тўғрисидаги шартнома 2021 йил январь ойида кучга кирди. Ушбу тақиқ ядро қуролини ишлаб чиқиш, синовдан ўтказиш, сақлаш, олиш, ташиш ва ишлатишни ўз ичига олади. Шартномага 65 та давлат қўшилган, бироқ АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия, Франция, Ҳиндистон, Покистон, Шимолий Корея ва Исроилни ўз ичига олган «ядро клуби»нинг бирортаси ҳам унга аъзо эмас. 

Германия ўзининг ядро қуролига эга эмас, аммо унинг ҳудудида Америка ядровий каллаклари жойлашган. «Германия ва унинг иттифоқчилари ядро қуролидан фойдаланиш таҳдиди остида экан, НАТО доирасида ишончли ядровий тийиб туриш зарурати сақланиб қолмоқда», — дейилади ҳукуматнинг депутат сўровига жавобида. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид