Россия хавфсизлик кенгаши Литвани жавоб чоралари ҳақида огоҳлантирди
Россиянинг Калининград областига юклар бир қисми транзитини тўхтатиш бўйича қарорга тезкор муносабати Литва аҳолисига жиддий таъсир қилади, деди Николай Патрушев.
Россия Литванинг Россия бошқа минтақаларидан Калининград областига санкция остидаги юкларнинг темирйўл транзитини ёпиш ҳақидаги қароридан кейин жавоб чораларини кўради. Бу ҳақда 21 июнь, сешанба куни Калининградда Россия хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев маълум қилди. «Россия бу каби душманлик ҳаракатларга албатта жавоб қайтаради. Идоралараро форматда тегишли чоралар ишлаб чиқилмоқда ва яқин келажакда маълум қилинади», - деди у.
Россия томонининг жавоб чоралари «Литва аҳолисига жиддий салбий таъсир кўрсатади», деди Патрушев. Россия хавфсизлик кенгаши котиби вазиятни Россия минтақасининг транспорт «блокадаси» сифатида баҳолади.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги бир кун аввал Литванинг муваққат ишлар вакили Виржиния Умбрасенени чақириб, унга кескин протест билдирган. Вилнюснинг қарорини Ташқи ишлар вазирлиги провокация деб атади.
Ўз навбатида, Литва Ташқи ишлар вазирлиги 20 июнь куни Россия расмийларининг Калининград областига юк транзитига чекловлар қўйилгани ҳақидаги айбловларини рад этди. «Литва орқали Калининградга йўловчилар ва рухсат этилган юкларнинг транзити узлуксиз давом этмоқда. Литва транзит учун ҳеч қандай бир томонлама, индивидуал ёки қўшимча чекловлар қўйгани йўқ. Литва турли ўтиш даври ва кучга кириш санасига эга бўлган Европа иттифоқи санкцияларини изчиллик билан таъминламоқда», дея таъкидлади Вилнюсдаги ташқи сиёсат идораси.
18 июнга ўтар кечаси Литва темир йўллари Европа иттифоқи санкциялари остига тушган катта рўйхатдаги товарлар транзитини тўхтатди. Товарларнинг 50 фоизигача, жумладан, қурилиш материаллари, металл ва бошқа муҳим товарлар Европа иттифоқининг темирйўл транзити бўйича тақиқига мос келди.
Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррелнинг айтишича, Россиянинг Литвага юклар транзити борасидаги айбловлари «тарғиботдан бошқа нарса эмас».
«Литва ҳеч қандай бир томонлама миллий чекловларни қабул қилмади», деди у 20 июнь, душанба куни Люксембургда Европа иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг учрашуви якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида.
Мавзуга оид
18:13 / 28.11.2024
Россияда 21 минг мигрантни ноқонуний рўйхатдан ўтказган шахслар қўлга олинди
16:08 / 28.11.2024
Россия Ўзбекистонга газ етказиб бериш ҳажмини оширади — Путин
13:10 / 28.11.2024
Россия ARD'нинг икки журналистини мамлакатдан чиқариб юборяпти
11:53 / 28.11.2024