Сурхондарёда хусусий университет ташкил этиб, фуқаролардан пул ундирган шахслар аниқланди
Сурхондарё вилоятида тегишли рухсатномасиз хусусий университет ташкил этиб фуқаролардан пул ундириш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг мурожаатига асосан терговга қадар текширув ўтказилган.
Унда, фуқаролар М.Ж. ва С.С. ўзаро тил бириктириб, “U.A.” МЧЖни ташкил этишиб, сўнгра интернет ижтимоий тармоқларда (“Telegram”) “At Termiziy University” хусусий университети каналини очиб, фаолият юритишга тегишли рухсатнома олинмаган университетга ўқишга қабул бошлангани ҳақида хабарлар бериб, ушбу университетда ўқиш истагини билдирган 73 нафар фуқаронинг 306,9 млн сўмини тўлов пуллари сифатида қабул қилиб олгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
“Ҳурматли ота-оналар ва абитуриентлар! Мамлакатимиз ҳудудида мавжуд нодавлат олий таълим муассасаларига ўқишга ҳужжат топшириш ёки контракт тўловларини амалга оширишдан аввал, уларнинг Ўзбекистонида тан олинганлигига расмий ахборот каналлари орқали аниқлик киритишингизни сўраб қоламиз”, дейилади маҳкама маълумотида.
Мавзуга оид
11:53 / 13.11.2024
Афғонистонда содир бўлган зилзила кучи Сурхондарёда сезилди
08:15 / 13.11.2024
Уч ҳудудда электрдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди
16:52 / 07.11.2024
Ўзбекистоннинг 23 та олийгоҳи Осиё университетлари рейтингига кирди
13:36 / 06.11.2024