ЕКПА: Россия тажовузкорлиги чуқур гуманитар инқирозни келтириб чиқарди
Украиналик қочқинларнинг ҳозирги эҳтиёжлари «катта» даражада. Россиянинг Украинага ҳарбий бостириб кириши натижасида юзага келган гуманитар инқироз бутун Европа учун узоқ муддатли «инкор этиб бўлмайдиган» оқибатларга олиб келади - ЕКПА резолюцияси.
Россиянинг Украинага қарши уруши глобал гуманитар фожиага сабаб бўлди ва Иккинчи жаҳон урушидан бери одамларнинг энг катта кўчирилишига олиб келди. 22 июнь, чоршанба куни Европа кенгаши парламент ассамблеяси (ЕКПА) Россия ҳарбий агрессияси туфайли юзага келган гуманитар муаммоларни ҳал қилиш бўйича резолюциялар тўпламини қабул қилди.
«Ҳозир ички кўчирилганлар ва Украинадан келган қочқинлар учун муносиб ва истиқболли ҳаётни таъминлашга бўлган эҳтиёж жуда катта ҳамда мавжуд ресурслардан анча юқори. Бу гуманитар инқирознинг узоқ муддатли оқибатларини инкор этиб бўлмайди», - дея таъкидлади ЕКПА депутатлари.
Урушдан қочиб, 6 миллиондан ортиқ одам Украинани тарк этди ва Европа мамлакатларига келди, 7 миллиондан ортиқ киши мамлакат ичида бошқа жойга кўчиб кетди, ҳар иккинчи украиналик бола қочқинга айланди. Бу рақамлар нафақат «ўз суверенитети ва демократик қадриятларини ҳимоя қилиш учун ақл бовар қилмайдиган саъй-ҳаракатларни амалга ошираётган» Украина, балки бутун Европа мисли кўрилмаган гуманитар инқирозга дуч келганининг далилидир. Миграция оқибатлари тўғрисида резолюцияда миллионлаб украиналик қочқинларга ёрдам кўрсатаётган Европа давлатларининг «ажойиб бирдамлиги» қайд этилган.
Ўз мамлакатини тарк этган украиналиклар «оғир дилеммага дуч келишди: бир томондан, имкон қадар тезроқ ватанга қайтиш, иккинчи томондан, вақтинча ҳимоя топган мамлакат жамиятига қўшилиш». Бундай вазиятда, ЕКПА қочқинларга вақтинчалик бўлса-да, «ўзлари истиқомат қилаётган мамлакат жамиятида муносиб ўрин» топиш учун ҳаракат қилишни тавсия этади. Айни вақтда ассамблея Европа кенгашига аъзо мамлакатларни бунинг учун қўлидан келган барча ишни қилишга чақирди. Украинадан ўз ҳудудида бўлган болалар сентябрь ойида янги ўқув йилини бошлашлари мумкин. Аммо шу билан бирга, резолюцияда таъкидланишича, болалар уйга қайтганида, Украина таълим тизими чет элда олган билим ҳақидаги ҳужжатларни тан олиши керак.
Иш топиш украиналик қочқинлар учун яна бир ўткир муаммога айланди, чунки Европа мамлакатларида ишга жойлашиш учун Украина дипломлари ва касбий малака ҳужжатларини расмий тасдиқлаш керак. Қарорда айтилишича, 2017 йилда Европа кенгаши томонидан ишлаб чиқилган Қочқинлар учун Европа малака паспорти вазиятни ўзгартириши мумкин. Малака паспорти, махсус методологиядан фойдаланган ҳолда, инсоннинг маълумоти ва касбий даражасини баҳолайди. Гарчи бу ҳужжат малаканинг расмий тан олиниши бўлмаса-да, унда тўпланган ишончли маълумотлар Европа кенгашига аъзо мамлакатларда иш топиш жараёнини сезиларли даражада осонлаштиради, дейилади ҳужжатда.
Қочқинлар орасида ҳамроҳи йўқ бўлган болалар айниқса ҳимояланмаган гуруҳ ҳисобланади. Қариндошлари ва дўстлари қарамоғисиз чет давлатда қолган болалар осонликча эксплуатация ва одам савдоси қурбонига айлангани учун бу факт ЕКПАни жиддий ташвишга солмоқда, дейилади мазкур муаммо бўйича қарорда. ЕКПА Европа кенгашига аъзо мамлакатларга кузатувсиз қочқин болаларни аниқлаш ва рўйхатга олиш механизмини такомиллаштиришни тавсия қилди, шунда улар «ўз оила аъзолари билан қўшилмагунича, дарҳол давлат органлари ҳимояси ва ғамхўрлигига ўтадилар», дейилади резолюцияда.
«Ҳозир Украинада содир бўлаётган воқеалар: ҳарбий жиноятлар, инсониятга қарши жиноятлар, оммавий миграция - бу катта фожиа ва биз шундай шароитда курашни давом эттираётган украиналикларнинг қаҳрамонлигига ҳурмат кўрсатишимиз керак», деди швейцариялик социалист депутат Пьер-Алан Фриде дебат давомида. У Европанинг украиналик қочқинларга ёрдам беришга тайёрлигини қайд этди. Сиёсатчи сўзларига кўра, Полшага 4 миллионга яқин украиналик, Венгрияга 750 минг, Молдовага 500 минг киши етиб келган. «Европа халқ партияси»дан франциялик депутат Бернар Фурне Европа иттифоқига аъзо давлатлар ҳукуматларини қочқинларни интеграция қилиш учун барча имкониятларни ишга солишга чақирди. «Украиналиклар учун меҳнат бозори Европада очиқ бўлса-да, улар ҳали ҳам аниқ тўсиқларга дуч келишмоқда».
Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Россия ҳарбийлари 1,9 миллион украиналикни Россияга депортация қилган, улардан 300 минг нафари болалар. Бу рақамларни ЕКПА залида Украинадан консерватив депутат Дмитрий Наталуха эълон қилди. «Украиналик болалар Россияга мажбуран олиб кетилмоқда. Россия келажагимизни ўғирламоқда», - дейди сиёсатчи. У ЕКПАни Россияга депортация қилинган украиналикларнинг қаердалигини кузатиш учун махсус мониторинг механизмини яратишга чақирди. «Менинг маълумотларимга кўра, уларнинг кўплари Сибирга олиб кетилган, агар биз бу одамларни йўқотсак, учинчи минг йилликнинг ГУЛАГини кўрамиз», деб огоҳлантирди Наталуха.
Мавзуга оид
22:44 / 13.11.2024
Трамп маъмуриятида Украина бўйича махсус вакил бўлади — ОАВ
21:24 / 13.11.2024
Кураховодаги украин гарнизони қуршовга тушиши мумкин. Фронтдаги энг мураккаб йўналишлардан бирида нималар бўлмоқда?
18:53 / 13.11.2024
Борис Жонсон Украинага британ ҳарбийлари юборилиши шартини айтди
14:54 / 13.11.2024