Жаҳон | 13:18 / 24.06.2022
14973
2 дақиқада ўқилади

Борис Жонсон украиналик ноқонуний муҳожирлар Руандага юборилиши мумкинлигини маълум қилди

Буюк Британия бош вазири аввалроқ украиналикларни Руандага депортация қилишнинг иложи йўқлигини таъкидлаган эди. Аммо энди у назарий жиҳатдан бу амалга ошиши мумкинлигини айтди.

Фото: AP

Буюк Британияга ноқонуний равишда келган украиналиклар Руандага депортация қилиниши мумкин. Бу ҳақда Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон маълум қилди, деб хабар қилмоқда Лондоннинг The Guardian газетаси. Жонсон бундай вариант даргумон эканлигини таъкидлади, бироқ бу назарий жиҳатдан мумкинлигини тан олди.

«Руандага одамлар юборилиши мумкин бўлган ягона шарт - агар улар Буюк Британияга ноқонуний равишда келган бўлса ва бизда мавжуд бўлган хавфсиз ва қонуний йўналишларга путур етказса. Биз украиналикларга 130 мингта виза берамиз ва уларда кириш учун камида иккита жуда яхши йўл бор. Лекин, агар улар бу ерга ноқонуний кирса, қонуний йўл билан келган ҳар бир кишининг аҳволига путур етказади. Демак, жавоб «ҳа», назарий жиҳатдан бу (украиналикларнинг Руандага чиқариб юборилиши - таҳр.) содир бўлиши мумкин. Лекин менимча, бу даргумон», деди Британия бош вазири Руанда пойтахти Кигалига ташрифи чоғида. 

Аввалроқ Борис Жонсон Британиянинг Руандага ноқонуний муҳожирларни депортация қилиш бўйича апрель ойида тақдим этилган баҳсли дастурини изоҳлар экан, унинг доирасида украиналикларни депортация қилиш «шунчаки имконсиз» эканини айтган эди. Жонсон Кигалига жорий ташрифи чоғида Украина ва Россия ўртасидаги можарода «ёмон тинчлик» вариантига қарши яна бир бор гапирди ва бу Путин уруш машинасини кучайтиришини таъкидлади. 

Мавзуга оид