Жаҳон | 08:19 / 25.06.2022
6845
2 дақиқада ўқилади

Европа иттифоқи саммити Хорватиянинг евроҳудудга қўшилишини маъқуллади 

Хорватия 2023 йил 1 январдан евро пул бирлигига ўтади. У умумий Европа валютасидан фойдаланадиган Европа иттифоқининг 20-давлатига айланади.

Фото: Picture Alliance

ЕИ мамлакатлари давлат ва ҳукумат раҳбарлари 24 июнь, жума куни Брюсселда бўлиб ўтган ЕИ саммитида Еврокомиссиянинг Хорватиянинг евроҳудудга қўшилиши бўйича таклифини маъқуллади. Хорватияда евронинг муомалага киритилиши 2023 йилнинг 1 январига мўлжалланган. Хорватия миллий валютаси ҳозир куна деб аталади.

Мамлакат бош вазири Андрей Пленкович бу қарорни «Хорватия иқтисодиёти учун ажойиб сигнал» деб атади. Унинг фикрича, келажакда еврозонадаги иштироки туфайли Хорватия турли инқирозларга бардош бера олади. Бош вазирнинг таъкидлашича, туризмга катта боғлиқ бўлган ва 4,1 миллион аҳолига эга Хорватияга сайёҳларнинг 70 фоиздан ортиғи евроҳудуд давлатларидан келади.

Жорий йилнинг бошида Хорватия Миллий банки евро ва евроцент тангалари тўпламини тақдим этди. Тангаларнинг миллий томони дизайнида аввал келишилган нақшлар акс этган. Икки евролик танга учун - бу Хорватия харитаси, бир евролик танга учун - сувсар тасвири, 50, 20 ва 10 евроцентлик тангалар учун - таниқли олим Никола Тесланинг портрети, беш, икки ва бир евроцент учун - глаголитик алифбо ҳарфларидан иборат коллаж. Шу билан бирга, барча тангалар фонида шаховница - Хорватия герби тасвирланган.

ЕИ шартномасига кўра, Европа иттифоқининг Даниядан ташқари барча давлатлари келишувда белгиланган мезонларга жавоб берса, евро ҳудудига қўшилиши керак. Ҳозирда евро Европа иттифоқининг 19 та давлатида қўлланилади. Литва 2015 йилда евро ҳудудига охирги бўлиб қўшилган эди. Баъзи давлатлар - Полша, Чехия ва Венгрия - еврони жорий қилмаслик учун бу мезонларни бажаришга шошилмаяпти. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид