«Одамлар қамалиб қолмоқда». Сергелидаги уйда бузуқ лифт муаммоси
Кўп қаватли уйларда яшовчилар учун энг муҳим восита бу – лифтдир. Агар шу ускуна бир кун ишламаса ёки носоз бўлиб қолса, бундан ёмони йўқ.
Сергели тумани Ҳабибий маҳалласи 103-уй фуқаролари 4 йилдан бери мана шу муаммодан азият чекишади. Ҳаётини хавфга солишни истамаганлар лифтдан деярли фойдаланмайди. Kun.uz мухбири лифт билан боғлиқ ҳолатни жойига бориб ўрганди.
Мазкур янги турар жой мажмуаси 2019 йилда қуриб битказилган. Аммо у вақтда лифт ҳали ўрнатилмаган, унинг ўрни картон қоғоз билан ёпиб қўйилганди.
«Орамизда ёш боласи билан кўчиб келганлар ҳам бор эди. Шунақа аҳволда 8 ойча яшадик. 8 ой деганда бошқа ердан ечиб олинган лифтни олиб келиб, ўрнатишди. Шу лифт ҳам 4 ой давомида бир ишлаб, бир ишламади. Бир кун ишласа, 4 кун яна бузуқ турарди.
Уни ўрнатган тадбиркорнинг махсус сертификати бўлмаган. Шунинг учун ширкат (ХУЖМШ) ҳам уни қабул қилиб олмаган. Тайинли фойдаланилмади, узоқ вақт лифтсиз яшадик.
Кейин уни ечиб олиб, бироз кичрайтириб қайта ўрнатишди. Ҳозир эшигининг сенсори умуман ишламайди, неча марта одамлар ичида қамалиб қолди. Саккизинчи қаватга чақириб, тушсангиз, гурс этиб тушиб кетади. Халқ қийналиб кетди», дейди яшовчилардан бири Шоира Ибрагимова.
«Ўғлим бир марта тушиб кетиб, уйга қалтираб чиқди. Билсам, лифт ташлаб юборибди. Ҳозир еттинчи қаватда яшаймиз, болаларим зинадан терлаб-пишиб тушиб чиқади.
Фақат сабр қилишимизни, лифтга сертификат олиб, кейин ҳамма нарсани тўғрилаб беришларини айтишади. Биз қачонгача сабр қилишимиз мумкин? 4 йил кутдик, бунинг ҳам чегараси бор. Бир айбдорни деб халқ қийналиши керак эмас-ку.
Бу лифтни таг-туги билан олиб, бизга янгисини қўйиб берсин!», дейди Дилноза Ҳамроева.
Kun.uz лифт ўрнатган тадбиркор Алимардон Раҳимов билан ҳам боғланди.
«Бошида қурилиш материаллари билан лифтнинг абгори чиқарилмаслиги учун ускунани ишлатмай туришга келишиб олдик.
Лифт эски эмас, уни Самарқанддаги корхонадан сотиб олганмиз. Охирида тушундикки, бизни алдашибди. Шундан кейин, биз прокуратурага мурожаат қилдик. Самарқанд вилояти Нарпай туманида суд бўлди, унда ютиб чиқдик. Суд якунига кўра, корхона билан тузган шартнома бекор қилиниши, улар лифтни олиб, пулимизни қайтаришлари керак эди. Лекин пулни қайтаришмади.
Мен Тошкент шаҳридаги сертификатлаштириш бўлимида рўйхатга ўтганман, керакли суммани тўладим. Ҳозир лифтнинг сертификатини олиш жараёнидаман»,– дейди у.
Муаммо ҳал қилинишига ваъда берилмоқда, аммо айнан қачонлиги маълум эмас. Kun.uz вазиятни кузатиб боради.
Дилшода Шомирзаева
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
09:53 / 03.11.2024
Тошкентда Spark билан тўқнашган Matiz ағдарилиб кетди
10:35 / 03.10.2024
9 ёшли қизнинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчига нисбатан тергов ҳаракатлари давом этмоқда — Тошкент шаҳар ИИББ
14:28 / 20.09.2024
Сергелида BYD уриб юборган ўқувчи қиз вафот этди
09:27 / 10.07.2024