Фото: AFP

Дунё 1970-йиллардан буён кузатилаётган энг йирик энергетик инқирозни бошдан кечираётган бир вақтда Европа давлатлари газдан фойдаланишни камайтириш бўйича кечиктириб бўлмас қарорлар қабул қилишни бошлади. Кимдир ўз ихтиёри билан, кимдир мажбурликдан. Европа кўмирдан ишловчи электр станцияларини қайта очмоқда, ядро энергетикасини ривожлантириш устида жиддий бош қотирилмоқда.

Россия Европага газ етказиб беришни шундоғам аста-секин камайтираётганди, аммо ушбу ҳафтада охирги 10 йилликдаги энг ёмон кўрсаткич қайд этилиб, Россиядан Европага кунига 100 миллион куб метр газ ўтган. Таққослаш учун, бир ой аввал «Газпром» Европага кунига 250 миллион куб метр, 3 йил аввал эса 500 миллион куб метр газ сотган.

Россия бу галги етказиб бериш ҳажми камайишини Туркия орқали ўтадиган ўтказгичда носозлик юз бергани билан изоҳлади. Бу носозлик бир ҳафтада тузатилиши айтилган, аммо июлда Германияга борадиган асосий ўтказгич – «Шимолий оқим»да ҳам таъмирлаш ишлари амалга оширилади. «Газпром» Украина орқали ўтадиган учинчи йўналишда ҳам газ етказиб беришни оширмоқчи эмас.

«Россия охирги вақтларда ўзини қандай тутаётгани инобатга олинса, улар яқин келажакда ҳам турли сабаблар билан Европага газ етказиб беришни камайтириши, ҳатто буткул тўхтатиб қўйиши ҳам мумкин», деган Халқаро энергетика агентлиги раҳбари Фотиҳ Бирол.

Россия ўз газидан Европага босим ўтказиш учун фойдаланиши ҳақида биринчилардан бўлиб айнан Бирол гапирган, мутахассис бу ҳақда Россия Украинага бостириб киришидан ҳам олдинроқ айтганди. Унинг фикрича, энди Европа бўйнига тиралган газ муаммоси билан яшашга тайёрланиши керак. Бундай ҳолатда захираларни қишгача тўлдириш имконсиз. Шу сабаб захира вариантлари керак. Хусусан, кўмир ва атом станцияларидан олинадиган энергияни ошириш масаласи. Ҳатто қайта тикланувчи энергия масаласида фаол бўлган Еврокомиссиядаги энг «яшил» мансабдорлар ҳам бунга рози.

«Россиянинг Украинага бостириб кириши Европа Иттифоқида фавқулодда ҳолатни келтириб чиқарди. Дунё Путин администрацияси «Газпром»нинг етказиб бериш ҳажмини ўзбошимчалик билан қисқартиришига қарши чоралар кўриши керак. Аммо бу чораларнинг барчаси вақтинча», деди Иқлим ўзгаришлари бўйича тарихий Париж келишуви имзоланганда Еврокомиссия делегациясини бошқарган Элина Бардрам бу ҳақда.