Ўзбекистон | 16:31 / 27.06.2022
14088
3 дақиқада ўқилади

Танқиддан сўнг: Фермерлар кенгаши Пайариқ ҳокими қарори билан кластерга ўтказилган ерларни фермерларга қайтармоқчи

Фото: KUN.UZ

Пайариқлик бир гуруҳ фермерлардан тортиб олиниб, кластерга бериб юборилган ерлар Kun.uz суриштирувидан сўнг расмийлар эътиборига тушди. Мақолада келтирилган фактлар Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан ўрганиб чиқилган.

Кенгашга кўра, Пайариқ тумани “Яшил диёр” ММТП ҳудудидаги бир гуруҳ фермер хўжаликлари, шу жумладан “Исломжон агросервис”, “Тоғдаги лолазор”, “Мадина Миришкор даласи”, “Самадтиркаш даласи” ва “Гулистон серқуёш даласи” фермер хўжаликларининг пахта-ғаллачилик йўналишидаги ер майдонлари Пайариқ тумани ҳокимининг 2019 йил 25 январдаги 294-К-сонли қарори билан ноқонуний тарзда “Samarqand Cotton Cluster SCC” МЧЖ кластер корхонасига олиб берилганлиги аниқланган.

Ўрганиш давомида Пайариқ тумани ҳокимининг ушбу қарори қабул қилингунга қадар юқорида номлари кўрсатилган фермер хўжаликлари раҳбарларининг ер ижара шартномасини бекор қилиш тўғрисида ёзма равишда розилик аризалари олинмагани ва туман ҳокимлиги билан фермер хўжаликлари ўртасида тузилган ер ижара шартномаси бекор қилинмаганлиги аниқланган.

Ваҳоланки, Ер кодексининг 36-моддасига мувофиқ, фермер хўжалигининг ер майдони ер участкасидан ихтиёрий воз кечилган тақдирда ёки суд тартибида олиб қўйилиши мумкин.

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг туман бўлими томонидан 2022 йил 24 июн куни Самарқанд туманлараро маъмурий судига “Исломжон агросервис”, “Тоғдаги лолазор”, “Мадина Миришкор даласи”, “Самадтиркаш даласи” ва “Гулистон серқуёш даласи”каби жами 5 та фермер хўжаликларининг ер майдонларини “Samarqand Cotton Cluster SCC” МЧЖга ажратиб бериш ҳақидаги Пайариқ туман ҳокимининг 2019 йил 25 январдаги 294-К-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисида даъво аризалари киритилди.

Кенгаш томонидан ҳозирда Пайариқ туманидаги яна 10 та фермер хўжаликларининг ер майдонларини “Samarqand Cotton Cluster SCC” МЧЖга ажратиб бериш ҳақидаги Пайариқ туман ҳокимининг қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисида даъво аризалари тайёрланмоқда, дейилади кенгаш муносабатида.

Мавзуга оид