Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида пахта ҳосилдорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинган йиғилишда кластерлар фаолиятининг ҳуқуқий кафолатлари кучайтирилиши белгиланди.

Аввало, ҳокимларга кластерларнинг ички иш фаолиятига аралашиш тақиқланади.

«Кластер ўз иши билан шуғулланса, туманда саноат, иш ўринлари, экспорт ва даромад бўлади.

Буни тушунмаган ҳокимлар эса кластерларни кун давомида мажлисма-мажлис олиб юриш, бошқа ишларга жалб қилиш билан овора», деди президент.

Янги кластерларни ташкил этиш тартибига ҳам ўзгартириш киритилади.

Бундан буён битта туманда кўпи билан 2 та кластер ташкил этишга рухсат берилади (ҳозир – 3 тагача).

Пахтачилик кенгаши

Олимларимиз яратган 100 центнергача ҳосил берадиган пахта навлари (Бухоро, Равнақ, Порлоқ, Султон) кластерларга етказилмаяпти, деҳқон ва фермерларимиз қайси ҳосилдор уруғларни экишни ва уларни қаердан олишни билмаяпти.

Сўнгги йилларда кундузги ва тунги ҳарорат бир хил бўлиб қолаётгани, янги турдаги ҳашоратларнинг кўпайиб бораётгани ушбу шароитга чидамли навларни кўпайтиришни тақозо қилмоқда.

Йиғилишда ғўзани ўғитлашни ўзгартириш, гербицид ва пестицидларни ҳам тартибга солиш вақти-соати келгани қайд этилган.

Шу боис президент ҳузурида Инновация вазири И.Абдураҳмонов бошчилигида Пахтачилик кенгаши ташкил этилиши белгиланди. Кенгаш:

  • ҳар йили ҳосилдор ва эртапишар навларни ҳудудлар кесимида кўпайтириш ва экишни ҳар бир кластер бўйича белгилаб беради;
  • иқлим ва ҳарорат ўзгаришларига мос бўлган ўғитлаш схемасини ишлаб чиқади, гербицид ва пестицидлар қўллашни тартибга олади;
  • кейинги йилларда ҳашоратлар энг катта муаммо бўлишини инобатга олиб, уларга қарши курашиш бўйича ҳар бир ҳудудга мос агротехнологияларни ишлаб чиқади.