Президент Шавкат Мирзиёев раислигида илмга асосланган уруғчилик ва агротехнологиялар ҳисобига пахта ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда пахтани чуқур қайта ишлаш асосида тўқимачилик маҳсулотлари экспортини кўпайтириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди.

Йиғилишда илмга асосланган уруғчилик ва агротехнологиялар ҳисобига пахта ҳосилдорлиги ва ҳажмини камида 30 фоизга ошириш ҳамда пахтани чуқур қайта ишлаб, соҳа экспортини камида 2 бараварга кўпайтириш муҳокама қилинмоқда.

«Бу – иқтисодиётимиз учун жуда катта имконият ва захирадир. Тўқимачилик бизга кам харажат билан олтиндан ҳам кўп даромад келтирадиган соҳа ҳисобланади.

Шунинг учун биз соҳада тўлиқ кластер тизимини жорий этдик. Бугунги кунда пахта толасини ўзимизда 100 фоиз қайта ишлаш йўлга қўйилди (беш йил аввал 40 фоиз тола қайта ишланган).

Соҳани қўллаб-қувватлаш учун сўнгги уч йилда тўқимачилик кластерларига 23 трлн сўмдан зиёд имтиёзли маблағлар ажратилди. Бундан ташқари, кластерларнинг ўзлари ҳам қарийб 7 трлн сўм хусусий инвестициялар йўналтирдилар. Натижада 350 га яқин йирик фабрикалар ишга туширилди.

Ишлаб чиқариш ҳажми 5 баробарга ошди, экспорт эса 4 баробарга ўсиб, қарийб 3 млрд долларга етди», деди президент.

Бугунги кунда толани қайта ишлаш қувватлари 1 миллион 300 минг тоннага етгани, лекин 1 миллион тонна тола ишлаб чиқарилаётгани таъкидланди.

Яъни ҳозирнинг ўзида 300 минг тонна тола етмаяпти. Келгуси беш йилда бу эҳтиёж яна 600 минг тоннага ошади. Шундан 300 минг тоннаси сунъий тола бўлса, яна камида 300 минг тонна пахта толаси зарур.

«Нима учун Туркиянинг пахта майдони биздан 2 карра кам бўлса-да, толани деярли тенг ҳажмда ишлаб чиқаради? Бунинг асосий сабаби - ҳали илмга, замонавий технологияларга жойлардаги раҳбарларнинг эътибори ва масъулияти паст», деди президент.

Давлат раҳбари қайта ишлаш борасидаги ишлар аҳволига тўхталди. 

Ип-калавани тайёр маҳсулотгача қайта ишлаш даражаси мамлакатимизда 23 фоизни ташкил этади. Бунинг оқибатида йилига 9 миллиард доллар даромад бой берилмоқда.