Украина Россияни судга берди
Украина ИҲЕСга берган даъвосида ўз ҳудудига ҳарбий бостириб кириши натижасида Россия кўплаб инсонлар ҳуқуқларини поймол қилганини билдирган. Хусусан, Киев Москвани тинч аҳолига қаратилган ҳужумларда айбламоқда.
Украина Москвани ҳарбий аралашувда ва халқаро ҳуқуқни бузган ҳолда тинч аҳолига қаратилган ҳужумларда айблаб, Россияга қарши инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига (ИҲЕС) даъво аризаси берди. Суднинг 28 июнь, сешанба куни кечқурун эълон қилинган пресс-релизига кўра, шикоят 23 июнь куни қабул қилинган, ИҲЕС президенти Роберт Спано ишни суднинг тўртинчи бўлимига топширган ва бу ҳақда Россияни хабардор қилган.
Хабарда айтилишича, бу ишдан олдин Украина давлати томонидан яна тўртта ариза ва 8500 га яқин шахсий шикоятлар бўлган.
Даъво Украина ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатлар жараёнида Россия Федерацияси томонидан содир этилган инсон ҳуқуқларининг оммавий ва жиддий бузилишига тегишли. Киев ҳукумати минглаб тинч аҳоли ўлдирилгани, жароҳат олгани, ушлангани ёки бедарак йўқолгани, юз минглаб мулк вайрон қилингани ва миллионлаб одамлар уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлганида рус қўшинлари ва Россия назоратидаги бошқа қуролли кучларни айбламоқда.
Украина Россияни инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясида мустаҳкамланган қатор ҳуқуқларни бузганликда айблади. Хусусан, булар яшаш ҳуқуқи (2-модда), қийноқлар ва ғайриинсоний муомалаларни тақиқлаш (3-модда), қуллик ва мажбурий меҳнатни тақиқлаш (4-модда), эркинлик ва хавфсизлик ҳуқуқи (5-модда), шахсий ва оилавий ҳаётни ҳурмат қилиш ҳуқуқи (8-модда), дин эркинлиги (9-модда), сўз эркинлиги (10-модда), йиғилишлар ва уюшмалар эркинлиги (11-модда), самарали ҳимоя қилиш ҳуқуқи (13-модда), камситишни тақиқлаш (14-модда).
Бундан ташқари, аризачига кўра, Россия таълим олиш ҳуқуқини, эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини ва ўз мамлакатидан чиқариб юборишни тақиқлаш бўйича моддани, шунингдек, мулкни ҳимоя қилиш бўйича конвенцияга қўшимча протокол қоидаларини бузган.
Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан кейин Россия Федерацияси Европа кенгашига аъзо давлат мақоми низомини қўпол равишда бузгани, шунингдек, ташкилот олдидаги мажбуриятларини бажармаганлиги учун Европа кенгашидан чиқариб юборилди. ИҲЕС Россия 16 сентябрдан бошлаб инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенцияси аъзоси сифатидаги мақомини йўқотишини маълум қилди. 11 июнь куни Россия президенти Владимир Путин инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг 2022 йил 15 мартдан кейин чиқарилган қарорларини ижро этмаслик тўғрисидаги қонунни имзолади.
Мавзуга оид
22:44 / 13.11.2024
Трамп маъмуриятида Украина бўйича махсус вакил бўлади — ОАВ
21:24 / 13.11.2024
Кураховодаги украин гарнизони қуршовга тушиши мумкин. Фронтдаги энг мураккаб йўналишлардан бирида нималар бўлмоқда?
18:53 / 13.11.2024
Борис Жонсон Украинага британ ҳарбийлари юборилиши шартини айтди
14:54 / 13.11.2024