Украинада урушнинг 127-куни. Асосий маълумотлар:

  • Россиялик ҳарбийлар уруш бошида эгалланган Илон оролини тарк этишди. Украина қуролли кучлари россиялик ҳарбийлар ракета ва артиллерия зарбаларига дош бера олмасдан эвакуация бўлганини айтмоқда. Россия мудофаа вазирлиги оролни ташлаб чиқишини «яхши ниятдаги ҳаракат» деб изоҳлаган: гўёки Россия Украинадан ғалла экспорти амалга оширилишига тўсқинлик қилмаслигини намойиш этиш учун.
  • Россия мудофаа вазирлиги «Азовстал» мудофаасида иштирок этган ҳарбий асирлар алмаштирилиши бевосита Путиннинг буйруғи билан амалга оширилганини маълум қилди. Шунингдек, вазирлик айни вақтда олти мингдан ортиқ украин ҳарбийлари россияликлар қўлида асирликда эканини маълум қилган. Аввалроқ Украина вице-премьери Ирина Верешчук Россия асирлигида икки минг атрофидаги украин ҳарбийлари қолаётган бўлиши мумкинлигини айтганди.
  • Amnesty International ўз суриштирувларига асосланган ҳолда россияликлар юзлаб тинч аҳоли вакиллари яширинган Мариуполдаги драматик театр биносига зарба беришини ҳарбий жиноят деб топди.
  • Украинада россиялик танкчи Михаил Куликов устидан суд бошланди. У бошқа моддалар қатори Черниҳивда кўп қаватли турар жой биносига ўт очишда ҳам айбланмоқда. Судда Куликов айбини тўлиқ тан олган, унга 8 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси таҳдид солмоқда.
  • Украина Сурия билан дипломатик алоқаларни узди - бу расмий Дамашқ «ДХР» ва «ЛХР» мустақиллигини тан олишига жавоб бўлди.

Қуйида урушнинг 127-кунида Украинанинг турли ҳудудларида олинган суратлар.

Лисичанск

Фронт чизиғидан фотосуратлар кечикиб келмоқда. Лисичанск яқинидаги кадрлар The Washington Post мухбири Ҳайди Левин томонидан 26 июн куни олинган. Суратларда — Украина ҳаво-десант қисмининг яраланган аскарлари. Аскарлар Верхнекаменское қишлоғига кираверишда Россиянинг кассетали бомбалари зарбаларига учраган. Саккиз киши яраланган, икки кишининг аҳволи — оғир. Лисичанск учун жанглар давом этмоқда. 1 июл куни Украина қуролли кучлари Бош штаби Россия «асосий саъй-ҳаракатлари»ни Лисичанск ҳудудидаги Украина қуролли кучларини жануб ва ғарбдан ўраб олиш ҳамда Луҳанск области устидан тўлиқ назорат ўрнатишга қаратаётганини хабар қилган.

Heidi Levine / The Washington Post / Sipa Press / Scanpix / LETA