Зарбалар Белгород-Днестровск районига, Одессадан 80 км жанубда жойлашган Сергеевка посёлкасидаги дам олиш масканларига берилган.
Тўққиз қаватли уйда қутқарувчилар ишни якунлашган, аммо дам олиш базасида ишлар давом этмоқда - маҳаллий расмийлар харобалар орасида яна одамлар қолган бўлиши мумкинлигини хабар қилган.
Украина фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизматига кўра, яраланганлар орасида олти нафар бола ва бир ҳомиладор аёл бор, харобалар остидан саккиз киши қутқариб олинган, уларнинг уч нафари болалар.
Қутқарувчилар маълумотига кўра, турар жой биносида 16 киши ҳалок бўлган, дам олиш маскани ҳудуди харобалари остидан тўрт жасад чиққан, улардан бири 11 ёшли бола бўлган. 38 киши яраланган.
Украина қуролли кучларининг «Жануб» оператив қўмондонлиги хабар қилишича, ўтган тунда Одесса областига Россиянинг Ту-22 бомбардимончи самолётлари томонидан учта ракета учирилган.
«Тунда Одесса областининг Белгород-Днестровск районига Ту-22 стратегик авиация самолётлари орқали Қора денгиз ҳаво ҳудудидан туриб учта Х-22 ракетаси учирилиши оқибатида кўп қаватли уй ва иккита дам олиш маскани нишонга олинган», дейилади хабарда.
Кремл Одессага зарбалар ҳақида: «РФ қуролли кучлари фуқаролик нишонлари бўйича ишламайди»
Кремлдагилар яна бир бор Россия армияси фуқаролик объектларини нишонга олмаслигини айтиб чиқди.
«Мен сизга яна бир бор президент ва РФ бош қўмондонининг Россия Федерацияси қуролли кучлари махсус амалиёт давомида фуқаролик нишонлари ва фуқаролик инфратузилмалари бўйича ишламаслиги ҳақидаги сўзларини эслатмоқчиман», деган Кремл расмийси Дмитрий Песков.
Украина ҳукумати Одесса областининг жумага ўтар кечаси ҳужумга учраган ҳудуди ҳарбий инфратузилмаларга алоқадор бўлмаганини таъкидламоқда.
Халқаро ташкилотларнинг кўплаб гувоҳликларига қарамай, Россия амалдорлари Россия армияси зарбалари натижасида тинч аҳолининг кўплаб вакиллари жабр кўраётганини инкор этиб келмоқда. Далиллар бўлса ҳам, Кремлдагилар бундай хабарларни «фейк ва провокациялар» деб атамоқда.



















