Бугун аскар бўлиш – кўплаб йигитларнинг орзуси. Лекин яқин ўтмишимизда шундай даврлар бўлганки, ўғил ўстираётган ота-оналар фарзандлари вояга етиб, армия ёшига яқинлашган сари ваҳимага тушар, уларни ҳарбий хизматдан олиб қолиш учун ҳамма нарсага тайёр эдилар. Бундай кайфият аҳоли орасида ўз-ўзидан пайдо бўлган эмас.

Собиқ иттифоқ даврида армиядаги носоғлом муҳит, ҳарбий хизматчилар ўртасида миллатчилик ва маҳаллийчилик чуқур илдиз отгани, “дедовшина” деб аталмиш иллат туфайли тўрт мучаси соғлом йигитлар ҳарбий хизматдан уйларига тобутда ёки майиб-мажруҳ бўлиб қайтиши авж олган, табиийки, бу муаммо ўзбекистонликларнинг армия ва ҳарбий хизматга нисбатан муносабатини тубдан ўзгартириб юборган эди.

Ҳарбий денгиз флотидаги дедовшина.

“1978 йили ҳарбий хизматга борганман. Ҳарбий денгиз флотида хизматни ўтаганман. Архангельск, Шимолий денгиз, Қутборти деган чекка жойларда, бир яриморолда хизмат қилганман. Ўша йиллари “дедовшина” энг авжига чиққанди. “Дед”ларнинг зулминиям кўрганмиз, кейинчалик ўзимиз “дед”га айлангач ўзимиз кўрган зулмларни янги келганларга қайтарганмиз.

Ҳарбийдан боришдан аввал армияда, флотда олдин борган аскарлар кейин келганларга зуғум ўтказишини, ҳар хил усулларда қийноққа солишини билардик. Шунга руҳан тайёр бўлиб борганмиз. Энг қизиғи, мен борган ҳарбий бўлинмада мендан бошқа чақирилувчилар, яъни ёш аскарлар бўлмаган. Кузги чақирув билан якка ўзим борганман. Мендан олдинги баҳорги чақирувдаям бу ерга янги аскар келмаган экан. Менга: “Ўзингни осганинг яхши бу ерда хизмат қилгандан кўра”, дейишди.

Раҳимжон Раҳмат

Ҳарбий бўлинмада тундан кейин ҳали уйғониб улгурмасимдан устимдан “адёл”ни отиб юбориб: “Встать” дейишди. Пастга тушишим билан мен умримда кўрмаган-танимаган иккита “дед” гумбурлатиб уриб кетишди. Ҳеч қандай сабабсиз. Биринчи куниёқ камида 4-5 марта асоссиз калтак едим”, деб ҳикоя қилади қўқонлик Раҳимжон Раҳмат.

“Совет армиясида, табиийки, офицерларга “дедовшина”нинг мавжудлиги қулай бўлган. Чунки аскарларни “дед”лар орқали бошқариш осонроқ бўлган. Уларга кўрсатма берилса бўлди, қолганини “дед”ларнинг ўзи эпларди, керак бўлса “дед”лар аскарларга командирларнинг ўрнига раҳбарлик қилишарди.