2021 йил 7 декабр куни Деновдаги “INDENIM” савдо мажмуасида содир бўлган портлашга айбдор саналган шахслар устидан 2022 йил 28 апрел куни жиноят ишлари бўйича Денов туман судида ҳукм ўқилган. Бу ҳақида бош прокурорнинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Kun.uz'га маълум қилди.

Ҳукмга кўра “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали Денов шаҳар газ таъминоти бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган Б.Қурбонов Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисмининг “а” банди (жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 207-моддаси 3-қисмининг “а” банди (мансабга совуққонлик билан қараш оқибатида одам ўлишига сабаб бўлиш) билан айбли деб топилган.

Унга нисбатан узил-кесил 3 йил 7 ой 11 кун озодликни чеклаш жазоси тайинланиб, сутканинг кеч соат 22:00 дан эрталаб соат 06:00 га қадар яшаш жойидан чиқиши чекланган.

Тергов ва суд жараёнида қамоқда бўлиб турган Б.Қурбонов ҳукм эълон қилингач, тергов ҳибсхонасидан озод қилинган.

“Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали қурилиш ва монтаж бошқармаси электргазпайвандчи вазифасида ишлаган Н.Усанов Жиноят кодексининг 116-моддаси 4-қисмининг “а, б” бандлари (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик одамлар ўлимига ва бошқача оғир оқибатларга сабаб бўлиши) ва 214-моддаси 3-қисмининг “в” банди (Давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши – бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб) билан айбли деб топилиб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

“Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали “Деновшаҳаргаз” бўлими газ тақсимлаш пунктлари бўйича чилангари А.Нарзуллаев ҳам Жиноят кодексининг 116-моддаси 4-қисмининг “а, б” бандлари 214-моддаси 3-қисмининг “в” банди билан айбли деб топилган. Унга ҳамкасбидан фарқли ўлароқ 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Бу муддат ичида у сутканинг соат 22:00 дан эрталаб соат 06:00 га қадар бўлган вақтида яшаш жойидан чиқиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Иш тафсилотларидан маълум бўлишича, айбланувчилар истеъмолчиларни “Giper Market Indenim” МЧЖ фойдаланувдаги савдо маркази биноси остидан ётқизилган, яроқсиз ҳолга келиб қолган ва фойдаланишдан чиқарилган 50 мм ҳажмдаги газ қувурини тегишли қоидаларга кўра яроқлилиги, мустаҳкамлиги ва босимга бардошлилигини текширмасдан, ўз касбига нисбатан бепарволик ва инсофсизларча муносабатда бўлган ҳолда “Денов” ариғи ёнидан ўтган, 1,3 кг/см