Собиқ иттифоқ даврида чегарани бузиб ўтган кўплаб хориж самолётлари уриб туширилган. Улар орасида фуқаро авиациясига тегишли йўловчи самолётлари ҳам бўлган. 1978 йилда Жанубий Кореянинг Korean Air Lines авиакомпаниясига тегишли Boeing 707 самолёти билан содир бўлган ҳодиса ҳам улардан бири ҳисобланади.

Бошқалардан фарқли ўлароқ, бу ҳодисада фақат икки киши ҳалок бўлади. Самолётга ҳам унча зарар етмайди. Ҳодисанинг аҳамиятли томони, ўшанда Boeing 707 учувчилари йўловчиларни асраб қолиш учун самолётни музлаган кўл юзасига қўндиришга мажбур бўлади.

Boeing 707 ва парвоз

Карелияда муз устига фавқулодда қўнган Boeing 707 1967 йилда ишлаб чиқарилган ва 10 йилдан ошиқ АҚШнинг Pan American авиакомпаниясига хизмат қилганди.

Фото: Пикабу.ру

1977 йил самолётни Korean Air Lines сотиб олади ва Сеул-Анкориж-Париж йўналишида фойдалана бошлайди.

1978 йил 20 апрел куни маҳаллий вақт билан соат 14:40 да Париждан Сеулга қараб парвоз қилиш учун самога кўтарилган самолёт бортида 12 нафар экипаж аъзоси ва 97 нафар йўловчи бўлган. Йўловчилардан 5 нафари болалар эди.

Самолёт Сеулга боришдан аввал Шимолий муз океани тепасидан учиб ўтиб Аляскадаги Анкориж шаҳрига қўниши, сўнг у ердан Жанубий Корея пойтахтига учиши лозим эди.

Ўша куни учувчилар гироскопик яримкомпасда йўналишни белгилашда хатоликка йўл қўйишади. Натижада самолёт Гренландия оролининг тепасига етганда йўналишдан адашади ва ортга қайтиб Кола ярим ороли тепасига келиб қолади.

Чегарани бузган самолётни қўндиришга уриниш

1978 йил 20 апрел куни маҳаллий вақт билан соат 20:54 да Мурманск вилоятидаги Рибачий оролидаги радиолокацион станция ердан 9 минг метр баландликда нотаниш самолёт СССР ҳаво ҳудудига кирганини қайд этади.

Алоқачилар самолётдагиларга махсус паролли сигнал жўнатишганида у жавоб бермайди. Шундан сўнг улар бу ҳақда мудофаа вазирлигига хабар беришади.

Чегарани бузиб кирган самолёт ҳарбийлар томонидан юборилган сигналга ҳам жавоб бермайди. Бу пайтда у Кола ярим ороли тепасида учиб кетаётганди. Дарҳол Мурманск вилоятида жойлашган Африканда ҳарбий аэродромидан Су-15 самолёти ҳавога кўтарилади.