Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Қорақалпоғистон воқеалари юзасидан ОАВда тарқалаётган асоссиз маълумотлар юзасидан баёнот берди.

Алоҳида оммавий ахборот воситалари ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар номи тилга олинмаётган манбаларга асосланиб Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида содир бўлган воқеалар ҳақида турли хил тахминлар ва ишончсиз маълумотларни бўрттириб кўрсатмоқда.

«Тинч митингни тарқатиш» учун кучлардан ноқонуний фойдаланганлик, жумладан, фавқулодда ҳолат эълон қилиш йўли билан «мустақил овозларни бўғиш ва ахборотни чеклаш» ҳақида асоссиз баёнотлар янграмоқда.

Шу сабабдан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Қорақалпоғистонда рўй берган воқеалар юзасидан ойдинлик киритиш, атрофлича ва холис ахборот тақдим этишни истайди.

2022 йилнинг 1–2 июл кунлари Нукус шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг конституцион тузуми, ҳудудий яхлитлиги ва бирлигини вайрон қилишга уриниш содир бўлди. Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича омма эътиборига ҳавола этилган таклифларга норозилик билдириш баҳонасида ғараз ниятдаги шахслар томонидан зўравонлик акциялари, тўқнашувлар ва давлат ҳокимияти органлари биносини эгаллашга уринишлар ташкиллаштирилган.

Бу қонунга зид ҳаракатлар сепаратизмни алангалатиш, тинч, бирдам ва демократик мамлакатни бўлиб ташлаш ва беқарорликка гирифтор қилишга йўналтирилган, аввалдан режалаштирилган яққол қўпорувчилик белгиларига эга эди. 

Популистик шиорларни қалқон қилиб, мобил алоқа ва интернет орқали фейк ахборотларни тарқатиб душманона кайфиятдаги кучлар фуқароларни оммавий равишда аксилконститицион фаолиятга жалб қилишга уриниб кўришди. Бу интернет алоқасини вақтинчалик чеклаш бўйича чораларни қўллашга мажбур қилди.

Оммавий тартибсизлик ва бузғунчилик давомида Жўқорғи Кенгес — парламент биноси, Нукус шаҳри ИИБ ва Миллий гвардия бошқармаси биноларини штурм қилиш, ўқотар қуролларни эгаллаш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини гаровга олишга бир неча бор уринишлар бўлган, турли жойларда ўт қўйиш, давлат, жамоат ва хусусий мулкларни бузиш ва йўқ қилиш амалга оширилган, шаҳар инфратузилмасига катта зиён етказилган.

Бундан ташқари, ҳужумлар натижасида ҳуқуқ-тартибот органларининг 107 нафар ходимига жиддий тан жароҳатлари етказилган, уларнинг 23 нафари оғир аҳволдалигича қолмоқда. Умумий ҳисобда давлат органларининг 270 нафар ходимлари турли даражадаги тан жароҳатларини олишган.

Тартибсизликларда иштирок этганларнинг шафқатсизлиги инсонлар онгини манипуляция қилган бир гуруҳ шахсларнинг провокацион ҳаракатлари натижасида юзага чиққан ва фуқароларнинг тинч намойиши деб аталиши мумкин эмас.