ЦСКАнинг 25 ёшли аъзоси 1 июл куни Санкт-Петербургда қўлга олинди. «Фонтанка» нашри ёзишича, уни ушлаш бўйича топшириқ Санкт-Петербург ички ишлар бошқамаси ҳамда ҳарбий прокуратура томонидан берилган. Улар Федотовни ҳарбий хизматдан бўйин товлаган деб ҳисоблаш учун асос борлигини маълум қилган.

Федотовни қўлга олишаётганда «Матч ТВ» журналисти у ҳақда репортаж тайёрлаётган бўлган. Мухбир воқеани шундай тасвирлайди: «Биринчи бўлиб кўзга ташланган нарса шу бўлдики, икки киши ниқоб ва камуфляжда, қолганлар доимий униформада эди. Улардан бири Ваняга гувоҳномасини кўрсатиб, нимадир деди. Суҳбат бир дақиқа ҳам давом этмади ва уни фургонга ўтқизиб олиб кетишди».

Кейинроқ ОАВда Федотовни маҳаллий ҳарбий бўлинмага олиб кетишгани, у ерда спортчи ўзини ёмон ҳис қилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Федотовнинг агенти Алексей Понамарёвнинг айтишича, уни ва спортчининг ота-онасини касалхонага киритишмаган, аммо ҳарбий полиция вакиллари Федотовнинг олдига кирган. Юрист спортчи Москвадаги ҳарбий рўйхатда туриши, лекин Ленинград областида рўйхатга олинганига эътибор қаратган. Адвокатнинг айтишича, Федотов бу ҳарбий бўлинмага умуман алоқадор эмас.

Аммо 1 июлдаёқ Санкт-Петербургдаги Виборгск туман ҳарбий бўлинмаси Федотовни ҳарбий хизматга чақириб, унга сафдор ҳарбий даражасини ҳам тақдим этган. Спортчи бу қарордан норози бўлиб судга мурожаат қилган.

3 июл куни ҳоккейчи касалхонадан йўқолиб қолган. «РИА Новости» ва «ТАСС» спортчи Мурманск областидаги Северморск шаҳрига олиб кетилгани ҳақида ёзди. Кейинги куни эса ОАВда Федотов Архангелскда экани ҳақида хабарлар чиқди. «Спорт-Экспресс» дарвозабоннинг суратини ҳам эълон қилди.

«Фонтанка» Федотов Россия ҳарбий-денгиз кучлари қошидаги 907-ўқув марказига олиб кетилгани ҳақида ёзди. Спортчи у ерда сентярбгача қолиши, кейин қаерда хизмат қилиши аниқ бўлиши айтилди.

«ТАСС» ҳарбий тузилмадаги манбаларига асосланиб ёзишича, Федотовни Новая Земля архипелагига хизмат қилиш учун юборишлари мумкин. Мухолифатчи Алексей Навальнийнинг маслакдоши Руслан Шаведдинов ҳам айнан Арктикадаги Новая Земляда хизмат қилган. Журналистнинг хизматга бориши ҳам Федотовникига ўхшаш: уни номаълум шахслар олиб кетган ва кўп ўтмай Шаведдинов Новая Земляда пайдо бўлганди.

ОАВда бир маълумотга эътибор қаратишган: Россия ҳарбий-денгиз кучлари бош қўмондони Николай Евменов ҳоккей мухлиси ҳисобланади. 2013 йил Северодвинскда ташкил этилган ҳоккей лигасининг энг кучли жамоаларидан бири эса айнан Шимолий флот клуби ҳисобланади. «Матч ТВ» Федотовни ҳарбий ҳоспиталдан айнан Северодвинскдаги ҳарбий қисмга юборишгани ҳақида ёзди.