Унинг истеъфоси ва янги бош вазир келиши Ғарбнинг Россия билан муносабатлардаги позициясини заифлаштириши мумкинми? BBC экспертлар фикрини жамлади.
«Барчаси учун раҳмат, биродар»
Борис Жонсон ўз сиёсий фаолияти давомида Россия ҳақида турлича қарашларга эга бўлган. Масалан, 2015 йилда, ҳали Лондон мэри эканида, у Ғарбни Қрим аннексияси ва Украина шарқидаги урушга қарамасдан Сурияда террорчиларга қарши курашишда Путин билан ҳамкорлик қилишга чақирганди.
Аммо бош вазирга айлангач, Жонсон Москва билан муносабатларда қатъийроқ позицияни эгаллади ва Украинани қизғин қўллаб-қувватлай бошлади. Унинг ҳукумати 2022 йил бошида, ҳали Украинага босқин бошланмаган вақтда Украина қуролли кучларига танкка қарши NLAW ракета тизимларини етказиб беришга киришди, украин армияси бу қуроллардан америкаликларнинг «Жавелин»лари каби самарали фойдаланиб, Россия ҳужумини тўхтатишга эришди.
Ҳозирга келиб британлар ҳарбий ёрдами реактив артиллерия тизимлари, ўзи ҳаракатланувчи танкка қарши ракеталар, зирҳли транспортёрлар ва зирҳли машиналар, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, дронлар, радиоэлектрон кураш воситалари, шунингдек минглаб каскалар, зирҳли нимчалар, тиббий тўпламларни ўз ичига олади. Британия украин аскарларини ўқитишда ҳам фаол.
Уруш бошидан буён Британиянинг Украинага ҳарбий ва иқтисодий ёрдами ҳажми 3,8 млрд фунтга етган.
Жонсон уруш бошлангач икки бор Киевга ташриф буюрди (уруш арафасида ҳам борганди) ва халқаро саммитларда Украинани қўллаб-қувватлаш муҳимлигини айтди, шунингдек, Европанинг айрим пойтахтларида янграган Путинга ён бериб бўлса-да, тезроқ тинчликка эришиш ҳақидаги чақириқларни рад этди.
Унинг ролини оддий украинлар ҳам, сиёсатчилар ҳам юқори баҳолашади. Пайшанба куни лавозимидан кетаётган бош вазирга Украина президенти офиси миннатдорчилик билдирди, ўтган ҳафтада у Одессанинг фахрий фуқаросига айланганди.
«Барчаси учун раҳмат, биродар!», - дея Жонсоннинг истеъфосига муносабат билдирди «Азов» полкининг Днепрдаги бўлими командири Родион Кудряшов.
Жонсоннинг кетиши Украина ва унинг иттифоқчиларида хавотир уйғотаётгани ажабланарли эмас. Ҳатто айримлар унинг истеъфосини «Кремл учун совға» деб ҳам атади. Америкадаги Халқаро муносабатлар кенгаши таҳлил марказидан бўлган эксперт Жозеф Чиринчоненинг тахмин қилишича, Британиядаги сиёсий инқироз Ғарбнинг Украинани қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини сусайтириши ва Киев иттифоқчилари қатъиятини хавф остида қолдириши мумкин.














