Жаҳон | 09:47 / 14.07.2022
3602
2 дақиқада ўқилади

Германия атом энергиясидан воз кечиш режасини ўзгартирмаслиги маълум қилинди

Германия ҳукумати Россиядан газ етказиб бериш камайганига қарамай, йил охиригача мамлакатдаги барча атом электр станцияларини ёпиш ниятида. Бу атом энергиясидан воз кечиш бўйича узоқ муддатли режанинг сўнгги босқичидир.

Фото: Picture Alliance

Германия канцлери Олаф Шольц табиий газ тақчиллиги таҳдидига қарамай, мамлакатда атом энергетикасини қисқартириш бўйича эътирозларни асосли деб ҳисобламаяпти. Бу ҳақда 13 июль, чоршанба куни Германия ҳукуматининг расмий вакили Штеффен Хебештрайт маълум қилди.

Ҳукумат мухолифатдаги ХДС/ХСС мухолифат блоки ва Озод демократик партия (ОДП)дан ҳукумат коалицияси бўйича ҳамкорларнинг кучли босимига қарамай, ўз позициясини ўзгартирмаяпти. Атом энергиясидан фойдаланиш тарафдорлари Украинадаги уруш ва «Шимолий оқим 1» газ қувурининг вақтинча тўхтатилиши муносабати билан Россия газ етказиб беришнинг ишончсизлигидан хавотирда. Шу тариқа, Бундестагдаги ОДП фракцияси раиси Кристиан Дюрр Германияни «қаттиқ қиш» кутаётганини ва бундай вазиятда «ҳамма нарсадан, жумладан, атом электр станцияларидан ҳам фойдаланиш кераклигини» маълум қилди.

Ўз навбатида, ҳукмрон Социал-демократик партия (СДП) ҳамраиси Заскиа Эскен атом электр станцияларининг ишлаш муддатини узайтириш уринишларини «мутлақо маъносиз» деб ҳисоблади. 

Германияда 3 та атом электр станцияси мавжуд бўлиб, уларнинг иши йил охиригача тўхтатилиши керак. Бу 2011 йилда Япониянинг Фукусима АЭСидаги авариядан сўнг тасдиқланган атом энергетикасидан воз кечиш бўйича узоқ муддатли режанинг сўнгги босқичидир. 

Германия Иқтисодиёт ва иқлимни муҳофаза қилиш вазирлиги станцияларнинг ёпилиши мутлақо зарурлигини ва уларни тугатиш режаси аллақачон бошланганини билдирди. 2022 йил декабридан кейин ушбу объектларда барча хавфсизлик протоколларига риоя қилиш техник жиҳатдан имконсиз бўлади. 

Мавзуга оид